Италия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Даниэле Де Росси ЖЧ-2018 саралаш босқичи доирасида Швецияга қарши плей-оффнинг жавоб учрашувида бош мураббий ёрдамчисига қарши чиқди. 

Журналист Валерио Курчонинг ёзишича, захира ўриндиғида ўтирган Де Росси ҳимоя чизиғи вакили бўлган ўзи эмас, ёш ва ҳужум чизиғида ўйнайдиган Лоренцио Инсинье чигалёзди машқларига киришиши кераклиги, у майдондагиларга ўзидан кўра кўпроқ ёрдам бериши мумкинлигини айтган. 

«Нега мен тайёрланишим керак? Ахир бизга дуранг эмас, ғалаба керакку!» — деган Де Росси мураббийга ва Лоренцо Инсиньени қўли билан кўрсатган. 

Мураббий иккинчи бўлимда Де Россини ҳам Лоренцо Инсиньени ҳам майдонга туширмади. Италия — Швеция ўйини 0:0 ҳисобида якунланди, биринчи учрашувда шведлар ўз майдонида 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди ва бу жаҳон чемпионатига чиқиш учун етарли бўлди. Италия эса 1958 йилдан буён илк марта жаҳон чемпионатини ўтказиб юборадиган бўлди.

Бу натижадан кейин Буффон, Де Росси, Бардзальи ҳамда Кьеллини терма жамоадаги фаолиятини якунлагани ҳақида маълум қилишди.

Италия термаси бош мураббийи Жампьеро Вентура А Серия юлдузларидан бири бўлмиш Лоренцо Инсиньени ўйнатмаяпти. Ёш футболчига Швецияга қарши биринчи ўйинда ҳам 15 дақиқа берилган, шунда ҳам у ўз позициясида эмас (чап қанот вингери) марказий ярим ҳимояда ўйнатилганди.

Ўйиндан кейин де Росси ўзининг реакциясига изоҳ берди: «Биз фақат иккитадан бўлиб шуғулланишимиз мумкин эди. Ҳар бир гуруҳга 5 дақиқадан вақт берилади, кейин бу жуфтликни бошқаси алмаштиради. Мен ўйин охирлаб қолгани, шу туфайли шуғулланиш учун ҳужумчиларни юбориш маъқулроқлигини айтдим. Мен ўйладимки, Инсиньенинг фойдаси кўпроқ тегади».

Даниэле де Росси – 2006 йили терма жамоа билан жаҳон чемпиони бўлган.

«Бу Италия футболи учун қоронғи кунлар. Ўйиндан кейин кийим алмаштириш хонасида дафн маросимидаги каби муҳит ҳукмрон эди. Энди бизда барчасини ўйлаб кўриш учун вақт бор. Барчасини бошидан бошлаш керак, бизда янги авлод етишиб келмоқда ва улар билан янги саргузаштларни бошлаш керак. Мен бу либосни кийган ҳолда 10 йилдан ортиқ вақт давомида дунё бўйлаб кездим. Энди бу либосни охирги марта ечаман. Бу даҳшатли», дея интервью берган футболчи ўйиндан кейин Rai Sport телеканалига.

Даниэле – «адзурри»нинг муҳим футболчиларидан бири эди. У терма жамоа сафида 117 ўйин ўтказиб, 21 гол урган – иккитасини ЖЧ-2018 саралашида – Испания (1:1) ва Албанияга (2:0) қарши ўйинларда. 

Де Росси Чезаре Пранделлининг Евро-2012 финалига чиққан жамоасида асосий футболчилардан бири бўлган. Италия ўша турнирда Испанияга қарши икки ўйин ўтказган – гуруҳ босқичида (1:1) ва финалда (0:4), Даниеле ўшанда Кьеллини ва Бонуччи билан марказий ҳимоя учлигини ташкил қилган.

Жаҳон чемпионлиги медали де Россида йўқ. У 2016 йилда ўз медалини терма жамоанинг собиқ маъмури Пьетро Ломбарди тобутига миннатдорчилик рамзи сифатида қўйганди. Футболчи маъмурларга медаль берилмаслигини ҳамиша адолатсизлик деб ҳисоблаган. 2006 йилда Spazzolino лақабли (Тиш чўткаси) Пьетро Даниэлега 4 ўйинлик дисквалификацияни (америкалик Брайан Макбрайдни ургани учун) ўташда ёрдам берганди. Де Росси финалда Францияга қарши ўйинда майдонга қайтган ва ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида жамоасига ёрдам берганди.