Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 майдаги «Жиззах вилоятида ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантиришни тубдан жадаллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришнинг янги ёндашувлари ва методларини синаб кўришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги 332-сонли қарори қабул қилинган. Мазкур қарорга мувофиқ жорий йилнинг 1 июлидан «Жиззах» эркин иқтисодий зонаси иштирокчиларга берилган солиқ имтиёзларини (бож тўловларидан ташқари) Жиззах вилоятининг барча туманларида (Жиззах шаҳри бундан мустасно) янгидан ташкил этилаётган саноат корхоналарига инвестиция ҳажмларидан қаъти назар татбиқ этилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.

Масалан, сиз ўзингиз истиқомат қилаётган туманда МЧЖ шаклида саноат корхонасини ташкил этдингиз. Сизнинг ушбу корхонангиз соддалаштирилган тартибда ягона солиқ тўлови тўловчиси ва қонунчиликда белгиланган тартибда товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотишдан тушган соф тушумдан 5 фоиз солиқ ставкасида солиқ тўлаш мажбурияти мавжуд.

Агарда, ушбу корхона бир йил давомида жами 500.000.000 (беш юз миллион) сўмлик соф тушумга эга бўлган тақдирда, 25.000.000 (йигирма беш миллион) сўм ягона солиқ тўловидан озод этилади. Солиқ имтиёзи асосида ушбу маблағ ўз фойдангизга қолиб, корхонани янада ривожлантиришга ва қўшимча иш ўринларини яратишга имконият беради.

Худди шу каби, агар корхонангиз бюджетга умум белгиланган тартибда солиқ тўловчиси бўлса, ер солиғи, даромад (фойда) солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, шунингдек, Республика йўл жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларидан озод этилади.

Фермер хўжаликларига имкониятлар

Жиззах вилояти фермер хўжаликлари пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш учун мавсумий ишларга жалб этиладиган ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фонди бўйича ягона ижтимоий тўловдан озод қилинади. Масалан, бирор фермер хўжалиги гектарига 30 центнер пахта ҳосили берадиган 50 гектар ер майдонига эга бўлса нормативга кўра ҳар бир гектарга 0,55 нафар ишчи, 50 гектарга 28 нафар ишчи ходим бўлиши лозим.

Ишчининг ўртача иш ҳақи 400.000 сўм, 28 нафар ишчининг бир ойлик иш ҳақи фонди 11.200.000 сўмни ташкил қилади.

Ҳозирда, 11.200.000 сўм иш ҳақи фонди учун қонунчиликда ўрнатилган 15 фоиз солиқ ставкасида ягона ижтимоий тўлов суммаси 1.680.000 сўмни ташкил қилади. Демак, ягона ижтимоий тўловни 5 фоиз ставкаси ҳисоблаш асосида фермерда бир ойда 1.120.000 сўм, бир йилда 10.080.000 сўм харажатларни қисқартириш имконияти яратилади.

Шунингдек, пахта терими вақтида мавсумий ишларга жалб қилинган ходимларга тўланадиган терим пуллари бўйича 5.625.000 сўм ягона ижтимоий тўловдан озод этилди. Бу эса фермернинг даромадига даромад қўшади. Энг муҳими, ушбу тежалган маблағлар фойдага қолади.

Якка тартибдаги тадбиркорларга имтиёзлар

Якка тартибдаги тадбиркорларни қатъий солиқ тўлашдан озод қилиш белгиланди.

Масалан, туманларнинг бирида сартарошхона фаолиятини кўрсатмоқчи бўлган тадбиркорлар ушбу фаолият турини амалга ошириш учун қонунчиликда ўрнатилган тартибда бир ойда энг кам ойлик иш ҳақининг ярми (74.887 сўм) баробари миқдорида қатъий белгиланган солиқ ва энг кам ойлик иш ҳақининг бир (149.775 сўм) баробари миқдорида суғурта бадали (пенсия жамғармасида иш стажи ҳисоблаш учун асос бўлади) ундириб келинган. Мазкур қарор асосида маиший хизмат соҳасидаги якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқдан озод этилди. Бу эса тадбиркорларнинг бир ойга 74.887 сўм, бир йилга 898.650 сўм маблағлари ўз фойдасига қолишини таъминлайди.

Аҳоли учун қулайлик

Жиззах вилоятининг иссиқхоналар ташкил этган ва уларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштираётган деҳқон хўжаликлари ва жисмоний шахсларнинг қуйидаги шартларда ер солиғидан озод қилиш, иссиқхона майдони:

жисмоний шахслар учун – камида 100 квадрат метр (1 сотих);

деҳқон хўжаликларига ажратилган ер участкасида камида 500 квадрат метр (5 сотих) бўлганда.

Масалан, тадбиркорлик билан шуғулланувчилар Ғаллаорол туманида 600 квадрат метр (6 сотих) ер майдонида шахсий уй-жойига эга. Шундан 400 квадрат метрда (4 сотих) уй-жой жойлашган, қолган 200 квадрат метр ер майдони бўш турибди. Шу бўш турган ер майдонига иссиқхона ташкил этилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (масалан: помидор ва бодринг) етиштирилса, мазкур ер майдонига солинадиган ер солиғидан озод этилади.

Ҳозирда, 600 квадрат метр учун қонунчиликда ўрнатилган солиқ суммаси 80.520 (саксон минг беш юз йигирма) сўмни ташкил қилади. Шу 100 квадрат метр ер майдонида иссиқхона ташкил этиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилган тақдирда хонадон эгалари 80.520 сўмлик солиқдан озод этилади.

Қолаверса, ушбу маблағ ва етиштирилган маҳсулотлари эса уларнинг қўшимча даромад олишларига имконият яратади. Асосийси ушбу ишларни амалга ошириш учун ҳеч бир давлат органидан ёки ташкилотдан рўйхатдан ўтиш ёки рухсат олиш талаб этилмайди.