Ақл, билим яхшилик йўлида ишлатилса, соҳибига обрў, мартаба келтиради. Аммо илмни қинғир йўлга сарфламоқчи бўлган киши пушаймон бўлиши табиий ҳол.

Фирдавс Қобилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бировнинг алдовига кириб, чув тушишига бир бахя қолди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Қўл телефони жиринглаб, таниш овоз эшитилди.

-  Фирдавс, яхшимисиз? Бир учрашсак, деган эдим. Ўша, ўтган йилдагидек...

-  Мен бу ишни қилолмайман. 

-  Хўп, дея қолинг... Эртага "Карвон бозор"да учрашайлик. Хафа қилдириб қўймайман. Бу йил омад чопса...

Фирдавс аёлнинг сўзларини тинглар экан, ўтган йилги ҳолат эсига тушди. Кимнингдир ўрнига кириб, тестни ечиб чиққан бўлса-да, келишилган пулни ололмаган эди.

Келишилганидек, “Карвон бозор” ҳудудида учрашиб, 30 июль кунги режаларни тузиб олишди.

Бухоро шаҳридаги “Баҳор” кафеси олдида турган сариқ рангли такси томон бошлаб келган Муборак Фирдавсни тинчлантирган бўлди.

-  Бу киши Роҳила опа бўлади. Опа, мен айтган бола шу. Аммо у пулни олмай туриб, тестни ечиб бермайман, деяпти, - деди Муборак ёнидаги аёлга юзланиб.

Фирдавс тест саволларини ечиши керак бўлган кишининг паспорти билан ДТМ қоғозини олиб, таксидан тушди. Бироқ тест жавоблари чиққанида натижа кутилганидек бўлмади. Энди Муборак Раҳимова “ниқоб”ини ечиб, бу болага кимлигини кўрсатиб қўйиш кераклигини ўйлаб, кўнглига қора ният ўрлади.

Ўша такси билан кечки пайт Фирдавс яшайдиган манзилга кириб борди.

-  Сен мен билан ўйин қилма! Олган 3 минг долларни қайтариб бермасанг, шаҳарлик болаларга айттираман-да, туғилганингга пушаймон қилдираман.

-  Ие, опа, нега туҳмат қилаяпсиз?! Мен сиздан қачон пул олибман?!

-  Ҳа, ана энди ўзингга келаяпсан. ДТМ қоғозлари билан бирга олган эдинг.

Фирдавс донг қотиб қолди. Таниш опанинг туҳматларидан боши гангиди. Бу ёғи қандоқ бўлди, энди?! М.Раҳимова ҳам бўш келмади. Вақтни бой бермай, Бухоро шаҳар ИИБга барча ҳолатларни баён этиб, ариза ёзди. Фуқаронинг мурожаати тегишли тартибда расмийлаштирилди ва Бухоро шаҳар ИИБнинг ҳудуд профилактика инспектори О.Акрамовга ижро учун йўналтирилди.

О.Акрамов Ф.Қобилов билан телефон орқали боғланиб, аризачининг даъвосини тушунтирди. Бу “ҳангома” бироз чўзилиб, унга Фирдавснинг амакилари қўшилишди. Ф.Қобилов гарчанд 3 минг АҚШ долларини олмаган бўлса-да, М.Раҳимовага қайтариши, ўз навбатида М.Раҳимова ҳам даъвоси йўқлиги ҳақида ёзиб бериши лозимлиги тушунтирилди.

Ўзаро суҳбатлар жараёнида ўзини бир сўзли эканлигини уқтирган профилактика инспектори О.Акрамов хатога йўл қўяётганлигини чуқурроқ ўйлаб ҳам кўрмади. Ҳолатнинг илдизига етиб бормади. Аризачи аёлнинг гапларига ишониб, бир ёқлама иш олиб борди. Булардан М.Раҳимова қувонар, Фирдавс эса борган сари балчиққа булғанарди. Бироқ, қонуннинг нигоҳидан ҳеч бир ғайриқонуний ҳолатни яшириб бўлмайди. Вақти келиб, М.Раҳимова, Ф.Қобилов ва О.Акрамов ҳақиқатни жуда яхши англаб етишди. Чунки, уларнинг ҳар бири қонун олдида жавоб бериб, қилмишларига яраша жазо олишди.