Бугунги кунда Россия ва Ўзбекистон ўртасида таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик шиддат билан ривожланмоқда. Мазкур соҳа икки мамлакатнинг гуманитар ҳамкорлигидаги энг устувор йўналишга айланган. Айни дамда Россияда таҳсил олаётган Ўзбекистонлик талабалар МДҲ давлатлари орасида умумий ҳисоб бўйича биринчи ўринда туради. Бу ҳақида Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев “Халқаро компанияларда миллий кадрларни тайёрлаш ва ривожлантириш” анъанавий анжуманидаги нутқи асосида Kun.uz мухбири маълум қилди. 

“Ўзбекистон ёшлари орасида рус тили ва маданиятига нисбатан бўлган қизиқиш ошиб бормоқда. Шунингдек, РФ стандартлари бўйича олий таълим масканларида ўқишга бўлган иштиёқ ҳам ортмоқда. Ўзбекистондан ҳар йили минглаб абитуриентлар Россия олийгоҳларига ўқишга қабул қилинади. Умумий ҳисоб бўйича эса Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчи ўринда (24 мингдан ортиқ талаба) туради”, дея қайд этди Тюрденев.
 
Элчининг сўзларига кўра, бугунги кунда Тошкентда Россиянинг учта университети филиаллари фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, айни дамда Россиянинг яна бошқа университетларининг янги филиалларини очиш режага киритилган.