Қозоғистоннинг Ақмўла вилояти Ақкўл туманида «Сара Назарбоева номидаги табиат боғи» лойиҳаси тақдим этилди. Бу ҳақда ички сиёсат бошқармасининг минтақавий коммуникациялар хизмати хабар берди. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг рафиқаси бўлган Сара Назарбоева сўнгги йилларда омма олдида камроқ кўриниш бермоқда.

Лойиҳа тақдимоти WAKE UP-2017 форуми доирасида бўлиб ўтди. «Барқарор ривожланиш» фонди президенти Алан Бесеннинг айтишича, лойиҳа мақсади – «Ақкўлда биосфера резерватини» яратишдир. Унинг сўзларига кўра, мўлжалдаги табиат боғи туризм соҳасида бизнес-лойиҳаларни ривожлантиришга ёрдам беради.

Лойиҳани амалга ошириш ва унинг очилиш муддати, хизмат хабарига кўра, лойиҳа маҳаллий ҳамда республика даражасида тақдим этилганидан сўнг эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 ноябрь куни Қозоғистондаги қишлоққа Назарбоевнинг онаси номи берилгани хабар қилинганди.