Қрим парламенти вице-спикери Ефим Фикснинг маълум қилишича, БМТнинг Қримда инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича резолюцияси лойиҳаси масала моҳиятига жавоб бермайди. У Киевга «бемаъни ишлар билан шуғулланишни» бас қилишни маслаҳат берди, деб хабар қилмоқда РИА «Новости».

«Биз бунга хотиржам муносабатда бўлмоқдамиз. Бу масаланинг моҳиятига етмай, тушунмай, ўрганмай, рўй бераётган жараёнларни ўйламай қандайдир қарорлар қабул қилинишига доир бутунбошли тизимга айланди. Баъзи давлатларнинг ўзлари тушунмайдиган ва билмайдиган масала бўйича овоз беришларига доир позициялари ҳайратланарли», - дея айтиб ўтди Фикс.

Унинг таъкидлашича, Қримда инсон ҳуқуқларига риоя этиш жараёнига жуда қаттиқ қарашади, ярим оролга ташриф буюрган кўп сонли хорижий делегациялар эса минтақа динамик ривожланиб бораётгани ҳамда Қримда яшовчи барча халқлар бир-бирига яхши муносабатда бўлишига ишонч ҳосил қилишган. 

«Украина бемаъни нарсалар билан шуғулланишни, халқаро аренада Қрим масаласи бўйича ҳадеб «олибсотарлик» қилишни тўхтатиши лозим. Бироқ бунга хотиржам муносабатда бўлиш керак, айтишади-ку: «Ит ҳуради, карвон кетаверади». Шу билан бирга, у жуда ишончли кетмоқда, сабаби Россия Қримида яшаш учун яхши шароитлар яратилмоқда», - дея айтиб ўтди у.

Аввалроқ БМТ Бош Ассамблеяси қўмитасида Қрим бўйича резолюцияга овоз берилгани, Ўзбекистон қарши чиққани хабар берилганди.