Россия бош вазири Дмитрий Медведевнинг президент Владимир Путин билан Ново-Иерусалим черковига ташрифи вақтида Россия ОАВлардан бирининг журналисти Медведевдан президентлик сайловларида иштирок этиш-этмаслиги ҳақида сўраган.     

“Сиз бу йил сайловларда иштирок этмоқчимиз?”, деб сўраган мухбир Медведевдан. 

“Йўқ, чунки бу йил сайловлар йўқ”, деб ҳазил жавоб қилган Медведев.

Гап шундаки, навбатдаги президентлик сайловлари 2018 йилда ўтказилади. Мухбир 2018 йилни назарда тутган ҳолда тезда саволини тўғрилаб қайта берганда Медведев жавоб беришни лозим деб топмаган.

11 ноябрда Россия президенти Владимир Путин ҳам президентлик сайловларидаги иштироки ҳақидаги саволни очиқ қолдирганди.  
  
“Саволни ҳозирча жавобсиз қолдираман. Вақти келганда, биз бу мавзуга тўхталамиз”, деб айтган Путин.

Россияда президент лавозимига сайловолди кампаниясига 7 декабрдан 17 декабргача оралиқда старт бериш режалаштирилган. Сайловлар эса 2018 йил 18 мартида ўтказилиши белгиланган. 

Айни вақтда сайловларда иштирок этиш истагини ЛДПР партияси етакчиси Владимир Жириновский, журналистлар Ксения Собчак ва Екатерина Гордон, “Аванти” бизнес-ватанпарварликни ривожлантириш тадбиркорлар уюшмаси раҳбари Рахман Янсуков, “Аёллар мулоқоти” партияси раҳбари Елена Семерикова, “Яблоко” партияси етакчиси Григорий Явлинский ва Россия коммунистик партияси етакчиси Геннадий Зюгановлар билдирганлар.