Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Қўстанайда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан учрашувда ўзининг “ворисини" учратди. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар бермоқда.

Давлат раҳбарининг меҳрибонлик уйи болалари билан учрашуви Kostanay Plaza савдо-кўнгилочар марказида бўлиб ўтди. Тарбияланувчилар орасида етти ёшли Коля Денисов ҳам бўлган, у мамлакат президенти бўлишни орзу қилмоқда.

"Ҳурматли, Нурсултан Абишевич, сиз билан учрашганимдан жуда хурсандман. Мен кураш билан шуғулланаман, теннис ўйнайман ҳамда келажакда Қозоғистон президенти бўлишни хоҳлайман. Сиз каби бўлиш учун нима қилиш керак?" – деган болакай. 

"Мен Қозоғистон президенти ким бўлар экан, деб орзу қиламан. Мана ким бўлади. Бу ерда тайёр президент бор", - дея ҳазил қилган Назарбоев ҳамда болакайнинг бошини силаб қўйган.