«Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду клубда ўзига бўлган муносабатдан норози бўлмоқда.

AS хабарига кўра, португалиялик тўпурар бир неча сабаблар туфайли клубни тарк этишга қарор қилган.

Аввало, у ёзда Килиан Мбаппе трансферига бўлган қизиқишдан норози бўлган. Ҳатто, агар ёш иқтидор «Реал»га келса, клубни тарк этишга рухсат олган. Бироқ, Мбаппе трансфери амалга ошмагач, Роналду клубда қолган. Юз берган воқеага компенсация сифатида, у маошининг оширилишини талаб қилган.

Иккинчи сабаб - «Реал»нинг Неймарга бўлган қизиқиши. Роналду уни ўзига рақиб бўлишини ва келажакда ўрнини эгаллаши мумкинлигини жуда яхши тушуниб турибди. Бу эса уни дарғазаб қилмоқда.

Норозилик учун яна бир сабаб - Неймар ва Лионель Мессининг маоши. Криштиану дунёда энг кўп маош олувчи футболчи бўлишни истаяпти, бироқ «Реал» унинг иштаҳасини қондирмоқчи эмас.

Ниҳоят, Роналду солиқ идораларининг эътирози билан боғлиқ муаммога эга. Испания солиқчилари футболчидан 15 миллион евро талаб қилмоқда, «Реал» ҳужумчиси эса ҳеч қандай қонун бузмаганлигини таъкидламоқда.