Россияда 2017 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, меҳнат патенти билан 925 минг ўзбекистонлик ишламоқда. Бу ҳақда Россия ички ишлар вазирлигига иқтибос келтирган ҳолда “Жаҳон” ахборот агентлиги хабар берди.

Бундан ташқари, 21 мингдан кўпроқ ўзбекистонлик ёшлар Россия олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқдалар. Ўтган ҳафтада Ўзбекистон ва Россия ёшлар иттифоқлари қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳақидаги меморандумни имзолашганди. Томонлар Ўзбекистонда II Ўзбекистон-Россия ёшлар форумини ўтказишмоқчи ва Ўзбекистон-Россия ёшлар бизнес-инкубаторини очишмоқчи. 

Октябрда Москва думасида биринчи ўқишда муҳожирлар учун меҳнат патентининг нархини 7 фоизга – 4,5 минг рублгача ошириш лойиҳаси маъқулланганди. Ҳозирда меҳнат патенти нархи 4,2 минг рубль туради. Янги нархлар 2018 йилдан жорий қилинади.