Аксарият сайёҳлар учун аэропортлардаги тирбандликлар — ортиқча ноқулайлик ва вақт демак. Парвозлар орасидаги кутиш соатлари — сабр синови: терминалларнинг совуқ биносини айланиш, дьюти-фридаги расталарни кўздан кечириш кўпчиликни тез толиқтиради. Бироқ дунёда шундай аэропортлар борки, уларда бўлиш ёрқин ва қизиқарли саёҳатнинг бир қисмига айланади. "Тонкости туризма" нашри ушбу аэропортлар ҳақидаги маълумотлар ва суратлар билан бўлишди.

1. Чанги, Сингапур

Сингапурдаги Чанги аэропорти — ҳақиқий кўнгилочар марказ. Рейслар орасида икки соат бўш вақт бўлса, бу ерда жонли табиат оламига шўнғиш мумкин. Т1 терминали томида Африка ва Америкадан келтирилган юзлаб турдаги кактус ва суккулентлардан иборат ажойиб боғ яратилган. Т2 терминалида кунгабоқар ва орхидеялар гуллайди, Т3'да эса - капалаклар олами. 

Чанги ресторанларида Осиё ошхонаси шедеврлари билан меҳмон қилишади ва чой маросимларини ўтказишади. Кинотеатрлар, ўйин автоматлари, сузиш ҳавзаси, спа-марказ, арт-ҳудуд - бу ерда зерикишга вақт ҳам бўлмайди, кейинги рейс ёддан чиқмаса бўлгани. Энг яхши ҳордиқ — 5,5 соатдан ошиқ танаффус қилишига тўғри келувчи йўловчилар учун Сингапур бўйлаб бепул турлар. Т2 ва Т3 терминалларидан кунига бир неча марта гидли автобуслар йўлга чиқиб, шаҳарнинг энг гўзал нуқталарида тўхтайди: Кичик Ҳиндистон, Чайна-таун, Мерлион парки ва бошқалар. Буюк Британиянинг Business Traveller журнали версиясига кўра, Сингапур аэропорти 27 йил кетма-кет дунёнинг энг яхши аэропорти мақомини олган.

"Кинетик ёмғир" инсталляцияси: 1216 бронза томчи самолёт, ҳаво шари ва ҳатто варрак каби 16 шакл ва нақшга айланади.

2. Инчхон, Сеул

Жанубий Кореянинг асосий авиахаби — Инчхон аэропорти — Сеулдан 70 километр наридаги тарқоқ оролларда жойлашган. Бу ерда йўловчилар учун шиша ва бетонлар орасида манзарали боғлар, гўзаллик салонлари, дўконлар, кинотеатрлар ва муз саройи бор. Шунингдек ҳунармандчилик галереясига саёҳатдан бошланиб, ажойиб миллий шоу билан тугалланувчи корейс маданияти бўйлаб махсус турга чиқиш мумкин.

Энг сабрсизлар учун 1 соатдан 5 соатгача бўлган экскурсиялар ташкиллаштирилган: Будда ибодатхоналари, сирли ғорлар ва пойтахтнинг диққатга сазовор масканларини кўздан кечириш имкони мавжуд.

3. Нарита, Токио

Нарита — Токионинг аксарият халқаро рейслари учун хизмат қилувчи икки аэропортидан бири. Бу санъантсеварларнинг севимли масканига айланиши шубҳасиз: бу ерда тўлақонли бадиий галерея ва кабуки салон-дўкони очилган, кўп сонли ҳайкаллар, витражлар, картиналар ва инсталляциялар эса терминаллар интерьерига муносиб уйғунлашган. Аэропорт атрофи боғлар, музейлар, ибодатхоналар, аутлетлар ва кўнгилочар марказлар билан ўралган, бироқ 8 соатдан ортиқ бўш соат бўлса, ундан узоқроққа - Япония пойтахтининг асосий жавоҳирлари томон йўл олиш мумкин.

4. Отатурк, Истанбул

Отатурк — Туркиянинг энг катта, қулай ва замонавий аэропорти, у ерда йўловчилар учун жуда қулай лаунж-ҳудуд, меҳмонхона, дўконлар ва ресторанлар мавжуд. Истанбулнинг гўзал масканлари, Босфор, Шаҳзодалар оролига саёҳат йўловчилар орасида доимий қизиқиш уйғотиб келади. Бундан ташқари, Отатуркда бадиий галереялар, Византия монастири, Гранд-Базар ва ранг-баранг қаҳва уйларига ташрифни ўз ичига олган мавзуий дастурлар таклиф қилинади.

5. Ҳамад, Доҳа

Замонавий ва технологик Доҳа аэропорти 2014 йилда очилган. Бу ерда люкс брендлар бутиклари, ресторанлар, ўйин майдонлари, жисмоний машқлар билан шуғулланиш мумкин бўлган фитнес-марказ ва катта сузиш ҳавзаси мавжуд.

Ҳамад ташқарисида эса бошқа мўъжизалар бўй кўрсатади: "Қатар жавоҳири" элита даҳаси, Ислом санъати музейи, Суқ-Воқиф бозори, Маданий қишлоқ — буларнинг бари транзит йўловчилар учун бепул Қатар визаси билан уч соатлик экскурсия доирасида.