Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари Ботир Зоҳидовнинг айтишича, сўм валютасининг айирбошлаш курси валюта биржасининг кунлик банклараро савдоларида шаклланмоқда. Бу ҳақда KUN.UZ мухбири хабар беради.

«Марказий банк хорижий валюта олди-сотдиси бўйича амалиётларни фақат курснинг кучли таъсирчанлиги беқарор ўзгармаслиги учун амалга оширяпти. Натижада валюта биржасида бажарилган амалиётларнинг ўртача ойлик ҳажми сентябрь-октябрь ойларида биринчи ярим йилликнинг тегишли кўрсаткичига нисбатан 1,7 баробар ошди», дейди у.

Раис биринчи ўринбосари Тимур Ишметовга кўра, соҳа вакиллари олдида турган энг катта масала - хуфёна иқтисодиётга чек қўйиш бўлди. Яъни, банкдан ташқари, солиқларни тўламай фаолият олиб бораётган субъектларни расмий тартибда бозорга қайтаришдир.

«Буни амалга оширишда бизга нима тўсқинлик қилиб турганди? Бу хорижий валютани эркин сотиб олиш, шу билан бирга сотиш амалиётининг амалда мавжуд эмаслигида кўринади. Чунки, хорижий валютанинг курси расмий кўрсаткичда маъмурий белгиланган, бозордаги ҳақиқий нархидан кескин фарқ қилиб келди. Албатта, тадбиркор паст нархда валютани сотиб олиш истагини билдирмаган. Хорижий валютани харид қилолмаган банклар эса импортёрларга пул етказиб беролмаган. Шунинг учун, биринчи қадам - бозор иқтисодиёти қонуни асосида нарх-навони белгилашга ўтдик», дейди у.

Бундан ташқари, сентябрь ойидан буён банклар томонидан аҳолидан 644 миллион АҚШ доллари сотиб олингани ва бу валюта биржасига валюта таклиф этишнинг қўшимча манбаи бўлиб хизмат қилганини ҳам алоҳида таъкидланди.

«Аввал, жисмоний шахслар банкка валютасини сотмаган, деб ҳисобласак ҳам бўлади. Лекин бу жараён энди ўзгарди. Тадбиркорлар эса 915 миллион АҚШ долларини банкларга сотган. Солиштириш учун эслаш керак: валюта либераллашувидан олдин, жорий йилнинг биринчи ярмида тадбиркорлар ўртача ҳар ойда 172 миллион АҚШ долларини сотган. Таъкидлаш лозимки, бу сотув қонун билан белгиланган мажбурий сотув эди. Бозор нархидан анча фарқ қилган, улар учун қулай бўлмаган миқдорда валютани сотиш мажбурий эди. Эндиликда чеклов ва мажбуриятларсиз экспортёрлар ҳар ойи ўртача 366 миллион АҚШ доллари сотмоқда», деб рақамларга мурожаат қилади Ишметов.

Марказий Банк вакили ўтган икки ой ичида валюта биржасида Ўзбекистондаги банклар жам 1,7 миллиард АҚШ долларини сотувга чиқарганини эътироф этди. Қолаверса, ўтган икки ой мобайнида фуқароларнинг миллий валютадаги муддатли банк депозитлари қолдиғи 9 фоиз ўсди. Бу ҳам аҳолининг олиб борилаётган пул-кредит сиёсатига нисбатан ишончи ошиб бораётганидан далолат беради.