Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлигининг қарори билан тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимча киритилди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 21 августдаги ПҚ-3231-сон “Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 сентябрдаги 714-сон “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Молия вазирлиги қарор қилди:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2005 йил 31 декабрдаги 06-3/436, 5083, 107-сон қарори (2006 йил 14 январь) билан тасдиқланган Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилди.

Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимча

1.11-банд қуйидаги мазмундаги изоҳ билан тўлдирилди:

“Изоҳ: тиббиёт муассасалари раҳбарларининг ойлик устамалари юқори турувчи ташкилотнинг қарорига биноан тариф ставкасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.”.

2.21-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“21.Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини текшириш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ички аудит ва молиявий назорат хизмати ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.”.