15 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги собиқ ГУМ ёки Turkuaz савдо мажмуаси қайтадан иш бошлади. Тошкент савдо маркази номи билан фаолият юритаётган комплекс 2010 йилдан буён ҳувиллаб қолганди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Тантанали очилиш маросимидан сўнг, бино ичига қадам қўйилди. Унинг биринчи қаватида маиший-техника буюмлар билан савдо қилувчи 40та савдо дўкони ва тенг миқдорда кийим-кечак ҳамда уй буюмлари сотилиши режалаштирилган дўконлар иккинчи қаватда жойлашган.

Савдо мажмуаси иш бошқарувчисининг айтишича, Тошкент савдо маркази давлат улушидаги хусусий комплекс сифатида иш бошлаган. Келгусида унинг олдидаги озиқ-овқат маркети ҳам ривожланиб бориши кутилаётгани таъкидланди. Шунингдек, 740тага автомобиль қўйиш майдончаси яратилган.

Собиқ Совет даврида анча машҳур бўлган Тошкент ГУМ кейинчалик замона талабига жавоб бера олмагач хусусий тадбиркорларга фойдаланишга топширилган. 2000 йилларнинг бошида уни турк сармоядорлари фойдаланишга олиб, Turkuaz мажмуасини яратганди. 2010 йилдан буён унинг фаолияти тўхтаб қолган.