АҚШ собиқ мудофаа вазири Уильям Перрининг Politico нашрига берган интервьюсида маълум қилишича, Пентагоннинг ҳозирги раҳбари Жеймс Мэттис Дональд Трамп ядро зарбаси беришни хоҳлаб қолса, бунда уни тўхтатиб қола олмайди.

Унинг сўзларига кўра, мудофаа вазирида ядро зарбаси беришга вето қўйиш ҳуқуқи йўқ, бундай қарорни фақат президент қабул қилади.

«Президент стратегик қўмондонлик бўйича тўғридан-тўғри буйруқ беради ҳамда бунда мудофаа вазирини хабардор этиш шарт эмас. Ядро зарбаси бериш ҳақидаги қарор қабул қилинадиган беш, олти ёки етти дақиқа ичида мудофаа вазири нималар рўй бераётганини ҳаттоки билмайди ҳам. У фақат кеч бўлганидан сўнг воқеадан хабар топади», - дея айтиб ўтди Перри.

Пентагон собиқ раҳбарининг қўшимча қилишича, мудофаа вазири бу масалада фақат маслаҳат бериши мумкин.

Шунингдек, Перрининг таъкидлашича, сўнгги бир йил ичида ядро урушининг келиб чиқиш хавфи ортган.

«Бу Трамп президент бўлгани сабаб ҳам қисман рўй берди», - дея хулоса қилди у.