Америкалик ҳарбийлар президентнинг ядровий зарба бериш ҳақидаги “ноқонуний буйруғини” бажармасликка ҳақлидирлар. Бу ҳақда АҚШ сенатининг халқаро муносабатлар қўмитасидаги йиғилишида АҚШ қуролли кучлари стратегик қўмондонлигининг собиқ раҳбари, истеъфодаги генерал Роберт Келер маълум қилди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда. 

“Ҳарбийлар қонуний буйруқларга бўйсунишга мажбурлар, бироқ ноқонунийларини бажаришга мажбурмаслар”, деб айтган Келер. Унинг айтишича, бундай вазият агар стратегик қўмондонлик Оқ уй хавфнинг характерига мос бўлмаган барвақт қарор қабул қилган деб ҳисобласа, юз бериши мумкин. 

Бироқ Келер президентнинг миллий хавфсизлик борасидаги ваколатлари чекланишига қарши эканлигини айтган. Унинг фикрича, бундай қадам мамлакатнинг мудофаа қобилиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Баъзи сенаторларнинг фикрича, президентнинг баъзи ваколатларини чеклаш, жумладан унга бир ўзи ядровий зарба бериш ҳақида қарор қабул қилишни тақиқлаш зарур. Демократик партия аъзоси Крис Мерфининг тушунтиришича, сенаторлар бу борада бош қўмондон Трампнинг “қизиққонлиги” ва “ўзгарувчанлиги”дан хавотирланмоқдалар.