Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ихтисослашган бўлинмаси ҳисобланган Халқаро электралоқа иттифоқи анъанавий равишда мамлакатларнинг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга оид йиллик рейтингни эълон қилади. Мазкур рейтингни шакллантиришда 3 та бош мезонлар гуруҳига эътибор қаратилади: АКТ инфратузилмаси, ундан фойдаланиш кўрсаткичлари ҳамда аҳолининг АКТ-саводхонлик даражаси. Бу ҳақда  Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди. 

 Тунис Республикасида ўтаётган Бутунжаҳон телекоммуникация/АКТ кўрсаткичлари 15-симпозиуми доирасида 15 ноябр куни жаҳон мамлакатларининг ахборотлаштириш соҳасидаги кўрсаткичлари ўрин олган янги рейтинг эълон қилинди. Унда АКТ’ни ривожлантириш бўйича 192 та давлатда ўтказилган ўрганишларнинг натижалари ўрин олган.

Халқаро Электралоқа иттифоқининг жорий йилдаги ўрганишларига кўра Ўзбекистон АКТ’ни ривожлантириш индексида 15 ўрин юқорига кўтарилиб, 192 мамлакат орасида 95-ўринни эгаллади.

200 га яқин мамлакатларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси маъмурлари, йирик бизнесменлар, етакчи олим ҳамда экспертлар иштирок этган нуфузли форумда Ўзбекистон делегациясига Халқаро электралоқа иттифоқи томонидан АКТ’ни жадал ривожлантираётган мамлакат сифатида махсус соврин ҳамда йиллик кўрсаткичлар ўрин олган ҳисобот топширилди.