Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ветеринария дори воситалари ва озуқа қўшимчаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент тасдиқланди.

Ҳужжат "Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, ветеринария дори воситалари ва озуқа қўшимчалари хавфсизлигига қуйиладиган ягона талабларни белгилаш мақсадида қабул қилинди.

Қарорга кўра, ветеринария дори воситалари ва озуқа қўшимчалари хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент иловага мувофиқ тасдиқланди ва расмий эълон қилинган кундан бошлаб олти ой ўтгач амалга киритилади.

"Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ умумий техник регламентлар амалга киритилгач, стандартлаштириш бўйича уларда кўрсатилган маҳсулотлар ва хизматларга доир илгари қабул қилинган норматив ҳужжатлар мажбурийлик хусусиятини йўқотиши ва қўлланилишида ихтиёрийлик касб этиши маълумот учун қабул қилинди.

"Ўзстандарт" агентлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси билан биргаликда ушбу қарор билан тасдиқланган Умумий техник регламент амалга киритилган кундан бошлаб ветеринария дори воситалари ва озуқа қўшимчаларини стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни қўллашда мажбурийлик хусусиятини бекор қилиш ва ихтиёрийликни таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар кўради.

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда тасдиқланган Умумий техник регламентнинг мақсадлари, мазмуни ва уни қўллаш тартиби тўғрисида аҳоли, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тадбиркорлик фаолияти субъектлари кенг хабардор қилинишини ҳамда улар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилишини таъминлайдилар.

Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирадилар.

Мазкур қарорнинг бажарилиишни назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ бошқаруви раиси Н.Отажонов, Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Б.Норқобилов ҳамда "Ўзстандарт" агентлигининг бош директори А.Каримов зиммасига юкланди.