Хитойнинг Xiaomi компанияси Ҳиндистон смартфонлар бозорида етакчига айланди, деб хабар бермоқда IDC таҳлилий агентлиги. Аввалги етакчи Samsung 2-ўринга тушган.

Xiaomi вице-президенти Ману Жейнанинг айтишича, 2017 йилнинг 3-чорагида компания Ҳиндистонда 9,2 млн та смартфон сотган ва ўтган йилги савдоларга нисбатан 300 фоизлик ўсишни намойиш қилган. Статистикага мувофиқ, хитойликлар ва корейслар бозорнинг деярли тенг улушига – 23,5 фоизига эгалик қилмоқдалар. 

Xiaomi’нинг савдолар ҳажми ўсишига смартфонларининг арзонлиги асосий омил бўлмоқда. Мутахассислар маълумотларига кўра, Xiaomi смартфонларининг Ҳиндистондаги нархи 6 минг рупийдан 15 минг рупийгача (65-230 доллар) туради.  

Октябрь охирида Ҳиндистонда смартфонлар савдоси ҳажми 23 фоизга ўсиб, мамлакат бу борада АҚШни ортда қолдириб, 2-ўринга кўтарилиб олди. Етакчилик ҳамон Хитойга тегишли. 2017 йил 3-чорагида Ҳиндистонга Samsung, Xiaomi, Vivo, Oppo ва Lenovo смартфонларидан 40 млн дона олиб кирилган.