Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарори эълон қилинди.

Республика олий таълим муассасаларида ўқув жараёнларини такомиллаштириш, ёшларга замонавий талаблар асосида таълим бериш бугунги куннинг асосий масалаларидан биридир. Бу борада олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини адолатли, холис ва шаффоф ўтказиш орқали пухта билимли ёшларнинг ўқишга қабул қилинишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Қарорда тест синовлари орқали олий таълим муассасалари бакалавриатига талабаларни қабул қилишда бир қатор камчиликлар мавжудлиги қайд этилган. Жумладан, сўнгги йилларда тест синовларини ўтказиш тартиб-қоидалари, тест синовлари натижаларини эълон қилиш ва уни такомиллаштириш борасидаги олиб борилаётган ишлар бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бера олмаяпти. Бу ҳол манфаатдор жамоатчиликнинг, айниқса, ота-оналарнинг тест синовларини ўтказиш жараёнларига ҳақли равишдаги эътирозларини келтириб чиқармоқда.

Кириш тест синовлари топшириқлари ва уни ўтказиш талаблари қобилиятли ёшларни олий таълимга қабул қилиш мезонларига тўла жавоб бермайди.

Республика олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовларини ўтказишнинг моддий-техник таъминоти билан боғлиқ масалаларни ҳам бутунлай қайтадан кўриб чиқиш тақозо этилмоқда.

Қарорда кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш учун олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш бўйича ўтказиладиган кириш тест синовларини такомиллаштириш, унинг адолатли, холис ва шаффоф ўтказилишини ташкил этиш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (ДТМ) нинг олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини ўтказиш тизимини такомиллаштириш юзасидан қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқулланган:

  • 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасасига қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини 1 августдан 15 августгача бўлган даврда ўтказиш;
  • кириш тест синовлари натижаларини тест ўтказилган куннинг эртасига ДТМнинг расмий веб-сайтида эълон қилиш;
  • абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига қабул қилишни кириш тест синовларисиз, ижодий имтиҳонлар орқали амалга ошириш.

Қарорга кўра, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари Тошкент шаҳрида «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазмалар мажмуаси павильонлари ҳамда унинг ҳудудида ўрнатиладиган қўшимча йиғма павильонларда, шунингдек, катта сиғимдаги бошқа биноларда, вилоят марказларидаги Олимпия захиралари коллежлари ёки бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ўтказилиши, тест жараёнининг максимал даражада ошкора ва шаффофлигини таъминланиб, видеокузатувлар орқали жамоатчилик, шу жумладан абитуриентлар ота-оналарининг кириш тест синовларини онлайн режимида кузатиб боришларига имконият яратилади.