Аёл кишининг жамият ва оиладаги ўрни беқиёс. “Фақат ақл-заковатли соғлом оналаргина комил инсонларни тарбиялашга қодир бўлади”, деганлари бежиз эмас. Бугунги ўқувчи ва талаба қизларимизни ўзбекона қадриятларимиз асосида, замонавий билимлар эгаси бўлиб, ҳар томонлама мукаммал таълим-тарбия олишлари келажакда ўз самарасини беради.

Андижон вилоятида фаолият юритаётган 119 та касб-ҳунар коллежи ҳамда академик лицейларда ўқувчи-қизларнинг камол топиши ва фаоллигини ошириш мақсадида “Қизларжонлар” клуби ташкил этилди. 

Кеча Андижон шаҳридаги педогогика коллежида маънавий-маърифий ишларни олиб бориш, уларнинг давоматини таъминлаш, турли хил салбий ҳолатларнинг олдини олиш масалаларини ҳал этиш бўйича таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, психологлари, хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари раислари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, “Нуроний” хайрия жамғармаси, Ёшлар иттифоқининг вакиллари иштирокида “Ўқувчи қизларнинг ҳар томонлама камол топишида “Қизларжонлар” клубининг ўрни” мавзусида вилоят кўргазмали семинари ташкил этилди. 

       
Кўргазмали семинарда “Қизларжонлар” клубларини ташкил этишга оид йўл-йўриқлар, ёш хотин-қизларни эзгу мақсадлар сари фаоллигини ошириш бўйича келгусида амалга ошириладиган вазифалар тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, семинар иштирокчилари таълим муассасасининг  9 та гуруҳида ўқувчи-қизлар билан ташкил этилган очиқ дарс машғулотларини кузатдилар.

Семинар якунида вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова, вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Фурқатбек Бузруковлар томонидан юқоридаги масалалар бўйича тизим ходимлари олдидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон