Dubai Motorshow автосалонида минтақа бозори учун тайёрланган юздан ортиқ янги автомобиль моделлари намойиш этилмоқда. Уларнинг орасида йўлтанламаслар, суперкарлар, электромобиллар ва жаҳон ишлаб чиқарувчилари, ҳаттоки БААнинг ўзида йиғилган бошқа янги автомобиллар бор.

Хусусан, минтақада илк бор Rolls-Royce Spirit of Calligraphy’нинг дизайнида араб ҳуснихати ишлатилган эксклюзив модели намойиш этилди. Худди шу услуб автосалонда намойиш этилаётган McLaren Black and Gold 720S дизайни ҳамда Яқин Шарқ бозори учун махсус тайёрланган Aston Martin Vanquish Pearl Edition моделида ҳам такрорланган.

Maserati, Ferrari, Lexus, Jeep, Infiniti, Hyundai, Porsche ва бошқалар ҳам ўзларининг сўнгги русумдаги машиналарини тақдим этишган.

Дубай автосалонида илк бор иштирок этаётган Италиянинг Icona автоишлаб чиқарувчиси ўзининг янги Vulcano Titanium гиперкарини намойиш этган. У баъзи маълумотларга қараганда жаҳонда серияли ишлаб чиқарилувчи энг қимматбаҳо автомобиллардан бирига айланиши мумкин.

Ушбу автомобилнинг бошланғич нархи 2,8 миллион доллар. Суперкар титандан ясалган, унинг вазни 1,6 тоннадан зиёд, максимал тезлиги соатига 355 км.ни ташкил этади. Автомобиль дизайнерлари норасмий равишда Blackbird (қорақуш) деб аталувчи Lockheed SR-71 товушдан тез учар самолёт дизайнидан илҳомланишган.

Маҳаллий Devel автосози кўргазма қатнашчиларига ўзининг Sixteen деб аталувчи суперкари версиясини тақдим этган. У мотори қуввати 5 минг оти кучига тенг бўлган, жаҳондаги биринчи энг қудратли автомобиль ҳисобланади.