Грециянинг Аттика вилоятида ёмон об-ҳаво туфайли 13 киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда  Афинанинг АМНА ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Мутахассисларнинг баҳолашича, қурбонлар сони 20 нафаргача етиши мумкин.

Ёмғирлар оқибатида Мандра, Магула, Неа-Перамос, Элефсина ва Аспропиргос шаҳарлари тошқин остида қолди. Грецияда жала ва момақалдироқлар ҳафта бошидан бери кузатилмоқда ва якшанбагача давом этади. Греция бош вазири Алексис Ципрас 15 ноябрда ҳукумат аъзолари билан табиий фожиа оқибатларини бартараф этиш ва кўрилган зиённи қоплаш масалаларини муҳокама қилди. 

Бошпанасиз қолганларга вақтинчалик бошпаналар ташкил этилган.

Тошқинлардан энг кўп Афинадан 50 км узоқликда жойлашган Мандра шаҳри жабр кўрган. Тошқинлар юз берган ҳудудларда фавқулодда вазият эълон қилинган.

Шунингдек, мамлакатда тошқинлар қурбонлари хотираларига миллий мотам эълон қилинди.   

Бош вазир халққа телемурожаатида ҳалок бўлганлар оилаларига таъзия билдирди ва ҳукумат табиий офатдан жабр кўрган барчага ёрдам беришига ваъда берди. 

“Бу Греция учун оғир дамлардир. Биз улкан табиий офатни бошдан кечирмоқдамиз. Барча ҳалок бўлганлар оилаларига самимий ҳамдардлигимни билдираман”, деб айтган Ципрас.