Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли диний таълим муассасаларида 2017/18 ўқув йилининг 1 декабрь кунидан бошлаб «Қуръони карим ва тажвид» ҳамда «Араб тили» фанлари бўйича пулли ўқув курслари ўз фаолиятини бошлаши маълум бўлди. Бу ҳақда Идора вакили Kun.uz мухбирига хабар қилган.

Вакилнинг айтишича, Республикада фаолият олиб бораётган 9та ўрта махсус ислом билим юрти ҳамда 2та олий ўқув юртида жорий йилнинг 1 декабридан ана шундай курсларда ўқиш бошланиши кутилмоқда.

«Ўқишда таълим олишни истаганларга қандай талаблар қўйилади? Аввало, курс тингловчиси 18 ёшдан ошган бўлиши, вояга етган, муомалага лаёқатли Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши зарур. Биз таълим муассасаларида ташкил этилган ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган ҳар бир тингловчига муассаса муҳри босилган маълумотнома тақдим қиламиз», деб қўшимча қилган вакил.

Таълим муддати 6 ой давом этиши белгиланган ўқув курсларида таҳсил олиш қиймати 1,500,000 сўм экани билдирилган. Талабгорлар ариза, паспорт нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда), яшаш жойидан маълумотнома ҳамда 3х4 ҳажмдаги фото сурат билан қуйидаги диний таълим муассасалардан бирига шу йилнинг 20 ноябрь кунидан бошлаб 4 кун ичида мурожаат этиши мумкин.

1. Тошкент ислом институти - Тошкент шаҳри;
2. Мир Араб олий мадрасаси - Бухоро вилояти;
3. «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти - Тошкент шаҳри;
4. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти - Бухоро вилояти;
5. Хўжа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти - Қашқадарё вилояти;
6. «Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юрти - Наманган вилояти;
7. Саййид Муҳйиддин махдум ўрта махсус ислом билим юрти - Андижон вилояти;
8. Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти - Хоразм вилояти;
9. Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти - Нукус шаҳри;
10. Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти - Тошкент шаҳри;
11. «Жўйбори Калон» аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти - Бухоро вилояти.

Маълумот учун, ташкил этилаётган ўқув курсининг ҳар бир гуруҳида 15 нафардан тингловчи бўлади, гуруҳлар адади тўрттадан оширилмайди.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов Халқаро аэропорти терминалининг Б8 бўлимида ибодатлар учун махсус хона ташкил қилинганди.