Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига шарҳ ЎзА сайтида эълон қилинди.

Ўтган давр мобайнида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳолига уй-жой коммунал хизмат, жумладан, сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш сифатини тубдан оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Уй-жой коммунал соҳасини ислоҳ қилиш доирасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, бу масала сув ресурслари чекланган, сувга талаб ошиб бораётган ва мамлакат аҳолиси сони ўсиб бораётган шароитда янада долзарб аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда водопровод-канализация хўжалигида тўпланиб қолган тизимли муаммо ва камчиликлар сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун қарздорликнинг ошиб боришига ва тўлов интизомининг пасайишига сабаб бўлиб, охир-оқибатда тармоқнинг умуман ривожланишдан ортда қолишига олиб келмоқда.

Энг аввало, сўз республика водопровод-канализация хўжалигида сувни ишлаб чиқариш, сарфлаш ва истеъмол қилишни ҳисобга олиш тизимининг амалда мавжуд эмаслиги ҳақида бормоқда.

Масалан, бугунги кунда республика бўйича сув олиш иншоотлари, сув қувурлари, водопровод тармоқлари ҳамда сув таъминоти ва сув чиқаришнинг бошқа объектларида сувни ҳисобга олиш ускуналари билан таъминлаш атиги 29,4 фоизни, истеъмолчиларни қамраб олиш эса 42 фоизни ташкил этади.

Оқибатда, амалиётда сувнинг етказиб берилиши, тўловлар ўтказилиши ва ўзаро ҳисоб-китоблар ҳолати, шунингдек, истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилиги таъминланмаяпти.

Бундан ташқари, уй-жой коммунал соҳасида сув таъминоти корхоналарини, жумладан менежмент ва дебитор қарздорлик ундирувини ташкил этиш масалаларини бошқаришда самарали тизим мавжуд эмас.

Бунинг оқибатида юзага келган водопровод-канализация хўжалиги корхоналарининг зарар билан ишлаши, шунингдек, мазкур корхоналарда катта миқдордаги кредитор ва дебитор қарздорликнинг мавжудлиги уларнинг молиявий аҳволини ички имкониятлар ҳисобидан яхшилаш имконини бермайди.

Водопровод-канализация тармоқлари ҳамда сув таъминоти ва сув чиқариш объектларининг аксарият қисмининг эскирганлиги, шунингдек, уларни янгилаш ва модернизация қилиш суръатининг пастлиги ҳам жиддий муаммолардан ҳисобланади.

Хусусан, республиканинг мавжуд водопровод-канализация тармоқлари ва сув таъминоти объектларидан қирқ йилдан кўп муддат давомида фойдаланилмоқда, сув қувурлари ва сув таъминоти тармоқларининг 35 фоизидан ортиғи эса кечиктириб бўлмайдиган таъмирга муҳтож.

Сув таъминоти ва сув чиқариш объектларининг ачинарли аҳволи, айниқса, жойларда сувни истеъмолчиларга етказиб бериш ва сотишда кўплаб фалокат ва бошқа салбий ҳолатларни, узилишларни келтириб чиқараётган, деярли 40 фоизга етаётган жиддий йўқотишларга олиб келмоқда.

Водопровод-канализация хўжалиги ташкилотларининг етказиб берилган электр энергияси учун юқори даражада қарздорлиги ҳам тармоқнинг ривожланишига салбий таъсир этаётган жиддий муаммолардандир.

Масалан, жорий йил 9 ойида сув таъминоти корхоналарининг электр энергиядан қарздорлиги 43,2 миллиард сўмга кўпайиб, 276,1 миллиард сўмни ташкил этган.

Водопровод-канализация хўжалиги ташкилотлари ходимлари касбий даражасининг пастлиги, шунингдек, малакали кадрларнинг тизимдан кетиб қолгани, сув таъминоти ва сув чиқариш корхоналари ходимлари ўртасида ҳуқуқбузарлик содир этиш ҳолатларининг мавжудлиги хавотир уйғотмай қолмайди.

Мисол учун, фақат 2015-2017 йиллар давомида ушбу корхоналар мансабдор шахсларига нисбатан талон-торож, қарздорликни ҳисобдан чиқарганлик учун моддий манфаатдорлик, ноқонуний равишда сувдан фойдаланганлик ва сув таъминоти тизимларига уланганликни яшириш ҳолатлари бўйича 47 та жиноят иши қўзғатилган.

Республика аҳолисини сув билан барқарор таъминлашни хавф остига қўядиган юзага келган вазиятни, шунингдек, уни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш заруратини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон қабул қилинди.

Фармонда республиканинг водопровод-канализация хўжалигини бошқариш тизимини, сув истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олиш механизмларини тубдан такомиллаштиришни, шунингдек, сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашни таъминлашга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар назарда тутилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг (МИБ) вазифалари доираси кенгайтирилмоқда.

Эндиликда, МИБ электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш билан бир қаторда сув таъминоти ва сув чиқариш соҳасида тўловлар ундирилишини таъминлайди.

Шу муносабат билан, МИБга:

биринчидан, сувдан ноқонуний фойдаланиш, водопровод ва канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;

иккинчидан, сув учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш;

учинчидан, сув истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимини жорий этиш жараёнини мониторинг қилиш;

тўртинчидан, сувни сотиш ва истеъмол қилишнинг ҳисобини юритишда иштирок этиш каби қўшимча вазифалар юклатилди.

Юклатилган қўшимча вазифаларни бажариш учун МИБга илгари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5059-сон Фармони 4-бандига мувофиқ тақдим этилган ваколатларнинг барчаси берилмоқда.

Мисол учун, МИБ ходимлари нафақат электр энергияси ва табиий газ, шу билан бирга сув етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан, шу жумладан хўжалик юритувчи субъектларда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши билан келишмаган ҳолда текшириш ўтказиш ҳуқуқига эга бўлди.

Сув учун қарздорлик мавжуд бўлганда ҳам, хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобрақамларига уни сўзсиз ундириш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган инкассо топшириқномалари қўйилади, жисмоний шахсларга нисбатан эса иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида иш берувчиларга талабномалар юборилади.

Бундан ташқари, МИБ ходимлари сув учун ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаган, МИБ талабномалари ижро этилмаган ҳолларда, шунингдек, тармоққа ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатлари аниқланганда, истеъмолчиларни сув таъминоти ва сув чиқариш тармоғидан узиш ҳуқуқига эга бўлади.

Фармоннинг 3-бандида МИБ ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари соҳасида жавобгарлик доираси белгилаб берилган бўлиб, бу мазкур идоралар фаолиятида бир-бирининг ишини қайтариш ва такрорийлик ҳолатларини истисно қилади ҳамда ишониб топширилган фаолият йўналиши учун жавобгарликнинг «йўқолиб кетиши»га йўл қўймайди.

Фармон қабул қилиниши муносабати билан сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибига ҳам жиддий ўзгартишлар киритилди.

Хусусан, 2018 йил 1 январдан бошлаб бундай хизматлар учун 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш тартиби жорий этилди. Бунда сув таъминоти ва сув чиқариш тармоғидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улаш истеъмолчилар гуруҳларидан келиб чиқиб улардан энг кам ойлик иш ҳақининг икки ва ўн баравари миқдорида тўлов ундириш орқали амалга оширилади.

Сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш бўйича қўйилган вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш мақсадида масъул вазирлик ва идораларга қатор ташкилий тадбирларни ўтказиш ҳақида топшириқлар берилди.

Энг муҳим тадбирлардан бири сифатида Фармон қабул қилингандан кейин бир ой муддатда сувни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва тақсимлашда йўқотишларни аниқлаш тартиби тасдиқланишини кўрсатиш мумкин.

Бундан ташқари, 2018 йил 1 январга қадар сувни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва тақсимлашни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг ягона автоматлаштирилган тизимини яратиш ҳамда жорий этишни, шу жумладан сув тақсимлаш тармоқларида ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Шу билан бир қаторда, 2018 йил 1 апрелга қадар сув таъминоти ва сув чиқариш хизматларининг барча гуруҳ истеъмолчиларини инвентаризация қилиш, шунингдек, истеъмолчилар ҳақида ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларга тузатишлар киритиш билан бир вақтда сув таъминоти ва канализация тизими объектларини технологик аудитдан ўтказиш режалаштирилган. 2019 йил 1 январга қадар эса водопровод-канализация хўжалиги объектлари ва иншоотлари кадастр ҳужжатларини расмийлаштирган ҳолда инвентаризация қилинади.

Бундан ташқари, Давлат раҳбари томонидан масъул вазирлик ва идоралар олдига водопровод-канализация хўжалиги ташкилотлари фаолиятини танқидий ўрганиш ҳамда натижаси бўйича сув таъминоти ва сув чиқаришни бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини киритиш вазифалари қўйилди.

Фармонда ёш авлодда сувга нисбатан тежамкорона муносабатда бўлиш ва ундан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига тегишли топшириқлар берилди.

Фармоннинг амалга оширилиши, ҳеч шубҳасиз, сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади, бу эса тармоқнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини соғломлаштириш ва умуман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш имконини беради.