Европа ва Лотин Америкаси астрономлари Сунбула буржида Ердан 11 ёруғлик йили масофада ҳаёт учун потенциал яроқли сайёрани топишган ва уни Ross 128 b деб аташган, деб ёзади ТАСС.

Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, сайёранинг ўлчамлари Ерникига жуда яқин. Унинг массаси Ер массасидан 1,35 баробар ортиқроқ. Бироқ у ўз қуёши — Ross 128 қизил карлик юлдузига яқинроқ жойлашган. Бу сайёрада бир йил 9,9 кун давом этади — Шунча муддат ичида сайёра ўз орбитаси бўйлаб юлдузи атрофини тўлиқ айланиб чиқади. Бироқ қизил карликлар нисбатан совуқ ва кичик юлдуз бўлгани учун Ross 128 b сирти қизиб кетмайди. Ҳисоб-китобларга кўра, у ердаги иқлим етарли даражада мўътадил. Ер «эгизаги»нинг сиртидаги ҳарорат минус 60 даражадан плюс 20 даражагача тебраниб туради. Бу эса океанлар мавжуд бўлишига, демакки, ҳаёт мавжуд бўлишига имкон яратади.

Ross 128 b Европанинг жанубий расадхонаси тадқиқотчилари Чилидаги экзосайёраларни қидириб топиш учун махсус ясалган HARPS спектрографи ёрдамида топишган. Тадқиқот натижалари Astronomy and Astrophysics журналида нашр қилинган.

Потенциал ҳаёт учун яроқли сайёралар ичра топилган ушбу сайёра Ерга энг яқини эмас. Айни пайтда уларнинг орасида энг яқини деб Альфа Центавр тизимидаги 4,24 ёруғлик йили масофадаги Proxima Centauri b сайёраси саналади. Бироқ инсонлар қачонлардан космик экспедиция жўнатиш йўлини топишса, 128 b ўзлаштириш учун мосроқ бўлади.

Гап шундаки, Proxima Centauri b ўз орбитаси бўйлаб Proxima Centauri ўзгарувчан ва чақнаётган қизил карлиги атрофида айланади. У мана шундай чақнашлар асносида ҳар қандай тирик организмни қириб юборувчи интенсив нурланиш келтириб чиқариши мумкин. Ross 128 эса, аксинча, анча сокин юлдуз, шу сабабли унинг сайёралар тизимида ҳаёт мавжудлиги шароитлари қулайроқ бўлиши мумкин.