Россия, Туркия ва Эрон етакчилари Владимир Путин, Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Ҳасан Руҳоний 22 ноябрда Сочида Суриядаги вазиятни тартибга солишдаги муаммоларни муҳокама қилгани учрашадилар. Бу ҳақда журналистларга Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Песковнинг тушунтиришича, ушбу учрашув Сурия миллий мулоқоти конгрессини ўтказиш билан боғланмаган. “Бу алоҳида тадбир”, деб айтган Песков конгресс ҳақида ва унинг қачон ўтказилиши ҳали белгиланмаганини қўшимча қилган.

Песков, шунингдек, 13 ноябрда Путин ва Эрдўған ўртасида Сочида ўтган учрашув ва 22 ноябрда уч томонлама форматда ўтувчи учрашув турли тадбирлар эканига эътибор қаратди. “Бу турли учрашувлар, турли формат, ҳозир гап уч томонлама формат ҳақида кетмоқда, чунки айнан шу давлатлар – Россия, Эрон ва Туркия ҳозирда биз кузатаётган, Суриядаги вазиятни сиёсий тартибга солиш ҳамда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш жараёнини кафолатловчи давлатлар ҳисобланади”, деб таъкидлаб ўтган Песков. Бироқ Песков учрашув натижаларига кўра бирор ҳужжат тайёрланиши ҳақидаги саволга жавоб бермаган.    

Аввалроқ турк ОАВ Эрдўған 22 ноябрда Россияга ташриф буюриши ҳамда Сочида Сурияда қуролли тўқнашувларга чек қўйиш бўйича уч томонлама саммит ўтишини маълум қилган.