Қирғизистоннинг сайланган президентининг ўз лавозимини бажаришга киришиш маросимига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ташкилий қўмитаси йиғилишида бу маросим ўтадиган жой ва сана маълум қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти девонининг ахборот сиёсати бўлими маълум қилди. 

Маълум қилинишича, президент этиб сайланган Сооронбой Жээнбековнинг инаугурацияси маросими “Ала-Арча” давлат қароргоҳидаги “Эне-Сай” қабуллар уйида 24 ноябрь соат 10.00да бўлиб ўтади.

Йиғилиш давомида шунингдек маросимнинг ўтказилиш сценарийси ва ташкилий масалалар муҳокама қилинган. 

Бишкекда жойлашган "Ала-Арча" қароргоҳидаги қабуллар уйи 2016 йил сентябрда Бишкекда ўтган МДҲ саммити учун қурилган. Ўтов кўринишида барпо этилган бу уй икки қаватдан иборат бўлиб, умумий майдони 1,5 минг квадрат метрни ташкил қилади.