АҚШ президенти Дональд Трамп унинг Осиё бўйлаб турнеси “улкан муваффақият билан” ўтганини айтди. Бу ҳақда “РИА Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.   

“Бизнинг делегацияни, жумладан мени улкан меҳмондўстлик, илиқлик ва энг асосийси, ҳурмат билан қабул қилишди”, деб айтди Трамп Оқ уйдаги чиқишида.

“Сафар давомида бутун дунё кучли, мағрур ва ўзига ишонган Американи кўрди”, деб айтди Трамп.

У, шунингдек, Осиёга ташрифидан кўзланган мақсадлар хусусида тўхталиб ўтди. 

“Икки бош мақсаддан бири ҳалол ва ўзаро манфаатли бўлиши керак бўлган савдо битимлари бўйича музокаралар бўлди”, деб таъкидлаб ўтди Трамп.

Унинг айтишича, у аввалги маъмурият томондан тузилган, АҚШ учун “фалокатли” бўлган Жанубий Корея билан савдо битимини ўзгартириш бўйича муваффақиятли музокаралар ўтказди.    

Трамп шунингдек Хитой компаниялари билан 200 млрд долларлик шартномалар тузилишида ҳиссаси катта бўлганини айтиб ўтди.

Трамп 12 кун давомида Жанубий Корея, Япония, Хитой, Вьетнам ва Филиппинда бўлди. У Вьетнамда Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги ва Филиппинда Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН) саммитларида иштирок этди.     

Трамп аввалроқ Осиё бўйлаб турнеси вақтида кўплаб янги дўстлар орттирганини айтиб ўтганди.