2017 йилнинг 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Тожикистон Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имоми билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Суҳбат чоғида таъкидланганидек, қисқа вақт давомида Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларида чуқур ўзгаришлар юз берди. Икки томонлама ҳамкорликнинг барча комплекс масалаларини яхшилаш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилмоқда.

Тошкент ва Душанбе ўртасида авиақатновлар қайта тикланди, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг мажлиси ўтказилди, давлатлараро чегараларни делимитация қилиш бўйича Ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг учта учрашуви бўлиб ўтди. Шу билан бирга, турли соҳаларда, хусусан маданий-гуманитар соҳадаги қўшма тадбирлар ҳам жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди.

Учрашувда Ўзбекистон-Тожикистон Давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг навбатдаги учрашуви амалий масалалари муҳокама қилинди.