Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ички валюта бозорининг таҳлили бўйича маълумотларни тақдим этди. У 2017 йил 5 сентябридан 14 ноябригача бўлган даврни ўз ичига қамраб олади.

Ўтган давр мобайнида ички валюта бозорида юридик шахслар томонидан чет эл валютасини сотиш ҳажми 1 767 млн. долларни, харид ҳажми эса 1 442 млн. долларни ташкил қилди. Таклифнинг талабдан ортиқ бўлиши натижасида, алмашув курси кескин ўзгаришининг олдини олиш мақсадида талаб ва таклиф орасидаги 325 млн. доллар миқдоридаги фарқни Марказий банк сотиб олди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Марказий банк валюта захиралари ҳисобидан ойига ўртача 290 млн. доллар миқдорида чет эл валютасини сотиш амалиёти билан шуғулланиб келган.

Валюта биржасида сотилган чет эл валюталарининг 915 млн. долларлик (52%) қисми бевосита экспортёрлар томонидан, 852 млн. долларлик (48%) қисми эса банклар томонидан, шу жумладан валюта айирбошлаш шохобчалари орқали аҳолидан сотиб олинган маблағлар, ҳиссасига тўғри келди.

Чет эл валютасига бўлган талабнинг таркиби эса, ишлаб чиқариш мақсадлари импорти учун – 1 212 млн. доллар, хорижий кредитларни сўндириш учун – 91 млн. доллар, халқ истеъмоли моллари ва дори-дармонлар импорти учун – 79 млн. доллар, чет эллик инвесторларнинг даромадларини репатриация қилиш учун – 55 млн. доллар ва бошқа мақсадлар учун сотиб олиш ҳисобига шаклланган.

Умуман олганда, валюта бозори эркинлаштирилганидан сўнг ички валюта бозоридаги операцияларнинг ўртача ойлик кўрсаткичлари сезиларли даражада ошди. Жумладан:

- хўжалик юритувчи субъектлар томонидан чет эл валютасини сотиб олишнинг ўртача ойлик миқдори 25 фоизга (ёки 116 млн. доллар), жорий йилнинг биринчи ярим йиллигидаги 461 млн. доллардан сентябрь-ноябрь ойларида 577 млн. долларга ўсди;

- чет эл валютасини сотишнинг ўртача ойлик миқдори 4 баробардан кўпроқ – жорий йилнинг биринчи ярим йиллигидаги 172 млн. доллардан 707 млн. долларгача ошди, хусусан, экспортёрлар томонидан чет эл валютасини сотишнинг миқдори 2 баробардан кўпроқ ошди.

Конвертация ҳажмининг ўсиши билан бир қаторда валюта биржаси савдоларидаги иштирокчи-субъектлар сони, асосан, чет эл валютасини расмий бозорда илгари сотиб олмаган хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобига, сезиларли даражада ошди.

 

Таҳлил қилинаётган давр мобайнида тижорат банклари томонидан жисмоний шахслардан 644 млн. доллар миқдорида нақд чет эл валютаси сотиб олинган.

Банкларнинг аҳолидан чет эл валютасини сотиб олиш операцияларининг асосий қисми Тошкент шаҳри (29 %), Фарғона (11 %), Самарқанд (9 %), Андижон (9 %) ва Наманган вилоятлари (8 %) ҳиссасига тўғри келмоқда.

Конверсион операцияларнинг (жисмоний шахсларга чет эл валютасини сотиш) ҳажми 23 млн. долларни ташкил қилди. Ҳар ойда конверсион операциялар миқдорининг кескин ўсиб бораётганлиги, асосан, импорт билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорларнинг операциялари ҳисобига тўғри келмоқда.

Умуман олганда, жорий йилнинг сентябрь ойи бошидан буён алмашув курсининг кескин ўзгаришлари кузатилмади, алмашув курси 8049 - 8110 сўм/долл. оралиғида ўзгариб турди (1 фоиздан кам).

Валюта бозорини эркинлаштириш ҳамда алмашув курсини шакллантиришнинг бозор механизмларини жорий этилиши, ташқи иқтисодий алоқалар шароитларини яхшилаш билан бир қаторда республикага чет эл валютаси оқимининг мунтазам равишда ўсишига замин яратмоқда.

Хусусан, ўтказилаётган ислоҳотлар маҳаллий товар ва хизматларнинг нарх рақобатбардошлигини яхшилаб, маҳаллий экспортчи корхоналарнинг хўжалик фаолиятига ижобий таъсир кўрсатди ва жорий йилнинг 9 ойи давомида экспорт тушумларининг ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоиздан кўпроқ ошди.

Жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Ўзбекистон Республикасининг соф олтин-валюта захиралари 754 млн. долларга ошди ва жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 26 млрд. доллардан ортиқни ташкил қилмоқда.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги операцияларининг фаол равишда норасмий сектордан банк секторига ўтиши кузатилмоқда.

Валюта бозорини эркинлаштириш нақд пул маблағларининг муомаласи билан боғлиқ бўлган муаммоларни ҳам бартараф этиш имконини яратиб, нақд ва нақдсиз кўринишдаги пуллар орасидаги тафовутларга, банклардан нақд пул олишдаги қийинчиликларга барҳам берилди.

Октябр ойидаги банк кассаларидаги нақд пул айланмаси ҳажми биринчи ярим йилликдаги ўртача ойлик кўрсаткичга нисбатан 2,3 баробардан кўпроққа ошди, бунда нақд пул тушуми ва унинг сарфланиши ўртасидаги мувозанат таъминланди. Бунда, банк кассаларига тушум ҳажми биринчи ярим йилликдаги ўртача ойлик 2 трлн. сўм миқдоридаги кўрсаткичдан октябрь ойидаги 5,7 трлн. сўмга ёки 2,8 баробарга ошди.

Шунингдек, аҳолининг банкларда жойлаштирилган миллий валютадаги депозитлари ҳажмида ҳам ижобий ўсиш динамикаси кузатилмоқда. Хусусан, сўнгги икки ой давомида аҳоли муддатли депозитлари ҳажми 9 фоизга ўсди.

Шу билан бирга чет эл валютасидаги депозитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 9 фоиздан 4 фоизгача пасайиши кузатилган.