Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг қабул қилинган кунига бағишлаб Мудофаа вазирлиги томонидан 10 км масофага оммавий югуриш акцияси ўтказилади. Бу ҳақда KUN.UZ’га мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Мазкур акция юртимизда енгил атлетика спорт турларини янада оммалаштириш, аҳоли ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга йўналтирилган. Акцияда мамлакатимиз Қуролли Кучлар тузилмаларидаги вазирлик ва идораларнинг ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоалар уч ёш тоифасида (35 ёшгача, 45 ёшгача ва 45 ёшдан юқори) иштирок этадилар.

Оммавий югуриш 18 ноябрь куни соат 10.00да пойтахтимизнинг Махтумқули кўчасидаги «Авиатор – корзинка» мегамаркетидан бошланади. Шунингдек, унда Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан концерт дастури намойиши ҳамда мазкур йўналиш бўйича ва Тошкент кўчалари бўйлаб (Амир Темур хиёбони – Амир Темур кўчаси – Тошкент телеминораси – Ҳайвонот боғи – Марказий ҳарбий клиник госпитали – Академиклар шаҳарчаси – Мирзо Улуғбек кўчаси – Паркент кўчаси – Тузель қўрғони) Мудофаа вазирлигига қарашли вертолётлари орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг олиб ўтилиши режалаштирилган.