Эрон ва Саудия Арабистони азалдан минтақадаги етакчиликни ўз қўлига олиш учун рақобат қилиб келади, аммо кейинги вақтларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар янада кескинлашди.

Муҳаммад ибн Салмон ва Ҳасан Руҳоний / GETTY IMAGES

Икки давлат ҳам Яқин Шарқда ўз тарафдорларига эга, шу туфайли минтақада бир қадар кучлар мувозанати юзага келган. BBC Яқин Шарқдаги нуфуз учун курашни таҳлил қилди.

Саудия Арабистони

Бу қиролликнинг асосий аҳолиси суннийлар, бу ўлка ислом дини ватани ҳисобланади ва бу ўлкада муқаддас қадамжолар жойлашган. Бундан ташқари, қироллик улкан нефть захираларига эга ва қора олтин экспорти эвазига дунёнинг энг бой давлатларидан бирига айланган.

Саудия Арабистони доимо Эрон Яқин Шарқдаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, етакчига айланишидан хавфсираб келади, шиалар давлатининг таъсири кенгайишини истамайди.

Саудия Арабистони ва Эрон ўзаро душманона муносабатларда бўлишини АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам маъқуллайди, АҚШ Теҳронни ўзининг асосий душманларидан бири сифатида билади.

Саудия Арабистони тахтининг ёш ва шижоатли валиаҳди, шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон айни вақтда қўшни Яман ҳудудида исёнчи ҳусийчиларга қарши кураш олиб бормоқда. Саудияликлар Эронни исёнчиларни қўллаб-қувватлашда айблайди, Теҳрон бу айбловни қатъиян рад этади.

Саудия Яманда ҳусийчиларга қарши араб коалициясига бошчилик қилади / GETTY IMAGES

Саудия Арабистони ўз навбатида Сурияда Башар Асадни ағдариш учун кураш олиб бораётган кучларни қўллаб-қувватлайди. Башар Асад эса Эроннинг асосий иттифоқчисидир.

Саудия Арабистони қуролли кучлари - минтақадаги энг кучли армиялардан бирига эга, Ар-Риёд дунёдаги энг йирик қурол импортёрларидан бири. Саудия армияси 227 минг аскардан ташкил топган.

 

Эрон

Эрон 1979 йилда шоҳ тахтдан ағдарилгач, Ислом республикасига айланган. Сиёсий ҳокимият оятуллоҳ бошчилигидаги мутаассиб диндорлар қўлига ўтган.

Эроннинг 80 миллионлик аҳолисининг аксар қисми шиа маҳзабидаги мусулмонлар ҳисобланади, бу энг кўп шиалар яшайдиган давлатдир. Мамлакатнинг ташқи ва ички сиёсатига оид якуний қарорларни диний раҳнамо Али Хоманаий қабул қилади.

Кейинги 10 йилда Эроннинг минтақадаги нуфузи кескин даражада ўсди, Ироқда Саддам Ҳусайннинг режими ағдарилиши Эронга қўл келди.

Эрон Сурия президенти Башар Асадни ИШИД ва бошқа мухолиф гуруҳларга қарши урушда фаол қўллаб-қувватлаб келади.

Эрон армиясининг илғор қисмлари - «Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси» Сурия ва Ироқ ҳудудида жангариларга қарши муваффақиятли ҳарбий амалиётлар ўтказиб келади.

«Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси» Эроннинг асосий кучи / GETTY IMAGES

Эрон Саудия Арабистонини Ливандаги вазиятни беқарорлаштиришга ҳаракат қилишда айблайди, бу ерда ҳукумат асосан шиалардан иборат, Эрон томонидан қўлланувчи «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати вакиллари томонидан шаклланган.

Эроннинг асосий душмани Қўшма штатлар ҳисобланади.

Эрон ракета тизимларини ривожлантириб келмоқда ва АҚШ бунга қаттиқ қаршилик қилади. Эрон Қуролли кучлари таркиби 534 минг нафар ҳарбийдан («Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси» билан бирга) иборат.

 

АҚШ

АҚШ ва Эрон муносабатлари ўн йиллардан буён таранг ҳолатда сақланиб қолмоқда. 1953 йилда МҚБ Эрон бош вазири Муҳаммад Мусаддиқни ағдарган, 1978 йилда ислом инқилоби рўй бериб шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий тахтдан ағдарилган, 80-йилларда Американинг Теҳрондаги элчихонасига ҳужум қилиниб, одамлар гаровга олинган. Буларнинг барчаси икки мамлакат ўртасидаги низоларнинг муҳим нуқталари эди.

Саудия Арабистони азалдан АҚШнинг содиқ иттифоқчиси бўлиб келган. Фақат Обама маъмурияти даврида узоқлашиш кузатилди, бу Вашингтоннинг Эрон билан сиёсий алоқаларни яхшилашга бўлган уринишлари туфайли эди.

Янги президент Трамп эса Эронга нисбатан тоқатсиз сиёсат юргизмоқда, у Обама ташаббуси билан тузилган тарихий ядро келишувини бекор қилмоқчи.

Саудия Арабистони доим АҚШга таянади / GETTY IMAGES

У Саудия Арабистонининг ҳозирги қироли билан ҳам ва бўлажак қироли билан ҳам дўст ҳисобланади.

Трамп ва унинг маъмурияти ҳеч қачон радикал исломни танқид қилмаган, улар фақат Эронни терроризмга алоқадорликда айблашади. Саудия фуқароларининг АҚШга киришига ҳеч қандай тўсиқ йўқ.

Дональд Трамп Яқин Шарққа илк ташрифи вақтида Саудия ва Исроил раҳбарлари билан учрашди, у бу давлатларнинг кучидан минтақада Эронга қарши ҳаракатларда фойдаланишни мақсад қилган.

Саудия Арабистони ҳар йили АҚШдан катта миқдорда қуроллар сотиб олмоқда.

 

Россия

Россия - бу минтақада бир вақтнинг ўзида Саудия Арабистони билан ҳам, Эрон билан ҳам яхши алоқаларга эга ягона ўйинчи. Икки давлат билан ҳам Россия қалин иқтисодий алоқалар ўрнатган, руслар арабларга ҳам, форсларга ҳам қурол сотади.

Россия Теҳрон ва Ар-Риёд зиддиятида бир томонда эмас, ўртада, воситачи сифатида туради.

Россия Яқин Шарқ можароларига совуқ уруш даврида жалб этилганди, ўшанда Совет Иттифоқи Сурияга қуроллар етказиб берган, суриялик зобитларни тайёрлаган.

Москванинг Сурияга ва минтақага таъсири СССР парчаланганидан кейин сусайганди, аммо охирги йилларда Кремль минтақага яна чуқур кириб келди.

Сурия армияси Россия авиацияси ёрдамида ҳудудининг 90 фоизини жангарилардан озод этди

Россия 2015 йил кузидан буён Сурия армиясига ҳамда Башар Асад томонида турган эронпараст кучларга ҳаводан туриб мухолифат гуруҳларига ва ИШИД жангариларига қарши ҳарбий амалиётларда катта кўмак бермоқда.

 

Туркия

Туркия ҳам Эрон ва Саудия Арабистони билан муносабатларини бир маромда тутиб туради, шунингдек, Яқин Шарқдаги сиёсий ҳамда ҳарбий ўрнини тез-тез ўзгартиради.

2002 йили ҳокимиятга Адолат ва тараққиёт партияси келганидан кейин Анқара Яқин Шарққа жиддий эътибор қарата бошлади.

Асосий аҳолиси суннийлар бўлган Туркия Саудия Арабистони билан ўзини диний томондан яқин ҳисоблайди ва Сурия ҳукуматига қарши иттифоқчилик қилади.

Эрдўған Саудия билан низо вақтида Қатарни қўллаб-қувватлади / ADEM ALTAN

Шу билан биргаликда, Туркия Эронга ҳам юз ўгирмайди, бироз аввалроқ икки давлат курдларга қарши иттифоқ тузди, мустақил давлат тузиш истагидаги курдлар Эронга ҳам Туркияга ҳам умумий хавфдир.

 

Исроил

1948 йилда ташкил этилган Исроил билан йигирмадан ортиқ араб давлатидан фақат Миср ва Иордания билан дипломатик алоқага эга.

Эрон ва Исроил муросасиз душманлар саналишади. Эрон Исроилнинг мавжудлигини тан олмайди ва бу давлатни йўқ қилиб ташлашга чақиради.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳамиша жаҳон ҳамжамиятини Эрон ядро қуролига эгалик қилишига йўл қўймасликка ундайди ва Теҳрон билан ядровий келишувни бекор қилиш орқали унинг минтақада агрессив сиёсат юритишга бўлган интилишларини жиловлашни сўрайди.

Исроил бош вазири Трампни Эрон терроризмига қарши муваффақиятли ҳаракатлари билан табриклади

Нетаньяхунинг сўзларига кўра, бир қатор араб давлатлари Эроннинг минтақадаги нуфузи ортишига қаршилик қилиш учун Исроил билан иттифоқ тузишга ҳам тайёр. Аммо Саудия Арабистони ОАВда тарқалган, саудиялик шаҳзодалардан бири сентябрь ойида махфий музокаралар ўтказиш учун Исроилга боргани ҳақидаги хабарларни рад этди.

 

Миср

Миср тез-тез Яқин Шарқ масаласида муҳим ўрин эгаллаб туради. Бу давлат тарихан Эрон билан эмас, Саудия Арабистони билан яқин. Айниқса Эронда ислом инқилоби рўй берганидан кейин.

Саудияликлар ҳам мисрликлар армиясини қўллаб-қувватлаб туради, 2013 йилда радикал Мухаммад Мурсий ҳокимиятдан четлатилишида саудияликларнинг ўрни бор.

Шу билан бирга Миср Эрон билан алоқаларни тўла узмаган. Теҳрон Миср ва Ироқ ўртасидаги нефть бўйича келишувда воситачилик қилган. 2016 йилнинг октябрида саудияликларнинг Aramco компанияси Мисрга нефть етказиб беришни тўхтатганди.

Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги зиддият кучайгач, Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси томонларни муроса қилишга ва Форс кўрфазининг хавфсизлигига раҳна солмасликка чақирди.

Форс кўрфази хавфсизлиги - Миср хавфсизлиги демак. Мен Саудия Арабистонининг дониш қарор чиқаришига ишонаман - Миср президенти


Сурия

Президент Башар Асад ҳукумати юқорида айтилганидек, Эроннинг яқин дўсти ва Саудия Арабистонининг душмани.

Эрон ҳамиша Сурия ҳукуматига ва армиясига исёнчиларга қарши курашда ёрдам бериб келади.

Эрон Асадни шиаларнинг алавийлар тармоғига мансублиги учун ҳам қўллайди. Сурия Эрон учун Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатини қурол-яроғ билан таъминлашдаги йўлак сифатида ҳам хизмат қилади.

«Ҳизбуллоҳ»нинг минглаб жангчилари Сурия ҳукумати учун урушади. Экспертларнинг фикрича, бу гуруҳни кўнгиллилар лашкари эмас, замонавий армия сифатида қараш мумкин.

Сурия доимий равишда Саудия Арабистонини террорчиларни қўллашда ва Яқин Шарқдаги тинчликни бузишда айблаб келади.

Фото: STRINGER

 

Ироқ

Ироқ 14 йилдан буён АҚШ таъсирида. 2001 йил 11 сентябрь воқеасидан ортидан ҳарбий кампания бошланган, 2003 йил 9 апрелида, 20 кунлик юришлардан кейин Саддам Ҳусайн армияси енгилиб, америкалик ҳарбийлар Ироқ пойтахти Бағдодни ишғол қилганди.

Фото: Reuters

Америка «Ал-Қоида»га қарши кураш шиори остида Ироққа кирганди. Аммо кейин Ироқда «Ал-Қоида» йўқлиги маълум бўлди. АҚШнинг бостириб кириши мамлакатда акс таъсир кўрсатди. Саддам Ҳусайн режими даврида жиловланган экстремистлар энди эркин ҳаракатлана бошлашди ва дастлабки 3 йил ичида мамлакатда терактлар ҳажми 7 баробарга ўсиб кетди.

2011 йилнинг 18 декабрида АҚШ Ироқни тарк этди, лекин ҳокимият америкапарст кучлар қўлида қолди. 22 декабрь куни Бағдодда йирик теракт содир этилди, камида 72 киши ҳалок бўлиб, юзлаб кишилар жароҳатланди. Шу куни мамлакат бўйлаб терактлар серияси кузатилди. Шундан бери мамлакат терактлар ботқоғига ботди, минглаб кишилар хунрезликлар қурбонига айланди.

2014 йилнинг биринчи кунида мамлакатда фуқаролик уруши бошланиб кетди, 1 январь куни ИШИД жангарилари Мўсул шаҳрига ҳужум қилди.

Ироқ АҚШ бошчилигидаги ҳарбий коалиция кўмагида ИШИДга қарши 3 йил давомида уруш олиб борди. Шу йил кузида Мўсул озод этилиши билан бу уруш тугади, аммо энди шимолда Курдистон билан муаммо юзага келмоқда. Мустақиллик истаётган курдлар давлат яхлитлигига дахл қилмоқда.

Бу муаммолари фонида Ироқ ҳукумати Саудия Арабистони ва Эрон қарама-қаршилигидан четда туради. Бу давлатда фақат АҚШ ва Туркия манфаатларига эга. АҚШ бу ўлкада демократия ўрнатиш учун ҳаракат олиб борган бўлса, Туркия Ироқнинг шимолидаги курдлар мустақилликка эришиши ва бу ўз ҳудудидаги курдларни илҳомлантиришидан чўчийди. Қолаверса, ҳудуд турклар учун тарихий ватан ҳисобланади. Шунингдек, миллионлаб курдлар истиқомат қиладиган Эрон ҳам Ироқнинг парчаланишини истамайди.

 

Ливан

Ливаннинг Эрон ва Саудия Арабистони қарама-қаршилиги бўйича позициясини иккиёқлама деб аташ мумкин.

Ливан бош вазири, шу ой бошида Саудия Арабистонида туриб ўз истеъфоси ҳақида маълум қилган Саад Ҳаририй саудияликлар билан яқин алоқаларга эга ва уларни Эронга қарши зиддиятда қўллайди.

Фото: Саад Ҳаририй / GETTY IMAGES

Аммо «Ҳизбуллоҳ»нинг Ливандаги бўлинмаси Эроннинг иттифоқчиси ҳисобланади. Бу ташкилот раҳбари Ҳасан Насруллоҳ тез-тез Саудия ҳукуматига танқид ёғдириб туради.

 

Форс кўрфази давлатлари

Фото: GETTY IMAGES

Ўтмишда Форс кўрфази давлатлари, Қатар, Баҳрайн ва Кувайт Саудия Арабистони билан яқин алоқаларга эга эди.

Аммо йил бошида Қатар ва Саудия Арабистони муносабатлари совуқлашди, ўшанда Қатар Ар-Риёднинг Теҳрон билан муносабатларни узил-кесил узиш борасидаги талабини бажармаганди.

Июль ойида аввал Саудия Арабистони, унинг ортидан Бирлашган Араб Амирликлари, Миср, Баҳрайн ва бошқа кўплаб араб давлатлари Қатар билан дипломатик алоқаларни узиб, унга иқтисодий қамал эълон қилишди. Эрон эса Қатарни ёлғиз қолдирмади ва биринчи куниёқ озиқ-овқат маҳсулотлари юкланган 5та самолётни Доҳага йўллади.

Август ойида Қатар ва Эрон дипломатик муносабатларни юқори даражага кўтарди, икки давлат муносабатлари ўтмишда Саудия Арабистонининг Эрондаги дипломатик миссияларига қилинган ҳужумлар оқибатида сусайганди.

Бу вақтда Баҳрайн ва Кувайт Саудия Арабистони томонида туришда давом этмоқда.

Баҳрайн аҳолисининг 70 фоизи шиалар бўлсада, асосий сиёсий ва ҳарбий лавозимларни суннийларга мансуб қироллик хонадони вакиллари эгаллашган.

Баҳрайн бир неча марта Эронни «террорчилар уяси» сифатида атаб, Эрон ҳукуматини бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашишда айблайди. Шунингдек, мамлакат ичидаги шиалар мухолифати Эрон томонидан фаол қўллаб-қувватланиши иддао этилади.

Октябрь ойи бошида Баҳрайн ҳукумати «Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси» Баҳрайн хавфсизлигига кучли даражада таҳдид солаётганидан шикоят қилганди.

Кувайт эса Қатарни блокада қилишда иштирок этмаган бўлсада, бу давлат ҳукумати Эрон эмас, Саудия Арабистони томонида туради.

Февраль ойида Кувайт араб-форс муносабатларини яхшилашга чақирганди, ўшанда 2013 йилдаги сайловлардан бери илк марта Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Манамага ташриф буюрганди.

Лекин Эрон ва Саудия Арабистони ўртасида муносабатлар яна таранглаша бошлагач, Кувайт 15 нафар эронлик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборди ва Эроннинг барча ҳарбий, маданий ва савдо миссияларини ёпди.