Хато туфайли ҳаётининг 46 йилини қамоқда ўтказишга мажбур бўлган америкалик Уилберт Жонс унга чиқарилган ҳукм бекор қилингандан кейин озодликка чиқди. Бу ҳақда The Independent нашри хабар бермоқда.  

Жонс 1971 йилда 19 ёшида ҳамширани ўғирлаш ва унинг номусига тегишда айбланиб қўлга олинган.

Қурбон Жонсни зўравон сифатида кўрсатган, бироқ зўравоннинг овози қўполроқ бўлганини таъкидлаб ўтган. Шунга қарамай, бу Жонсни жазолаш учун етарли асос бўлган. Суд жараёнидан 3 йил ўтиб Жонс муддатдан аввал озодликка чиқиш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган.

Жонсга чиқарилган ҳукмни бекор қилган судья Жонснинг айби исботланиши “бўш” бўлганига ишора қилган.

Таъкидланишича, 2008 йилда вафот этган ҳамшира ҳам Жонснинг озод этилишига қарши бўлмаган.