Тез орада Таллин ва Хельсникини темир йўл туннели боғлаши мумкин. Машҳур Angry Birds компьютер ўйинини ишлаб чиққан Петер Вестербака Фин кўрфази орқали сув ости йўлининг қурилиши билан шуғулланишни режалаштирмоқда. 

Яқиндагина Rovio компаниясининг маркетинг департаменти раҳбари лавозимини тарк этган ишбилармоннинг сўзларига кўра, лойиҳа Финляндия ва Эстония томонидан қўллаб-қувватланган тақдирда, туннель қурилиши келгуси йилда бошланади. Уни беш йилда қуриш мумкин. Шу тариқа, туннель 2030-йиллар эмас, 2020-йилларда тайёр бўлади, дейди Вестербака Финляндиянинг "Хюфвудстадсбладет" нашрига. 

Бўлғуси темир йўл линияси бўйлаб соатига 350 километр тезликда ҳаракатланувчи тезюрар поездни ишга тушириш мўлжалланган. Йўловчи 50 еврога чипта олиб, Таллиндан Хельсникигача атиги 20 дақиқа сарфлайди. Бундан ташқари, Вестербака Фин кўрфази остида мунтазам юк ташишни йўлга қўймоқчи. 

Режага кўра, икки шаҳар ўртасида ҳар бирининг диаметри 17 метрдан бўлган икки туннель линияси йўлга қўйилади. Ишбилармоннинг сўзларига кўра, узлуксиз темир йўл тизими учун бу керагидан ортиқ демакдир. Унинг қурилиши учун 12 бурғулаш ускунаси талаб қилинади. 

Лойиҳанинг дастлабки қиймати 15 миллиард еврога баҳоланмоқда. Вестербаканинг таъкидлашича, қурилишга давлат маблағларини жалб қилишга ҳожат йўқ. "Лойиҳа тўлиқ хусусий. Биз давлат ёки Европа маблағларига муҳтожлик сезмаймиз ва лойиҳани имкон қадар тезроқ амалга ошириш учун барча жараёнларни оптималлаштиришга ҳаракат қиламиз. Бу маблағларни тежаш имконини беради", - дейди у.

Финляндиялик ишбилармонининг режасига кўра, бошланғич босқичда ишлар Хитой сармоялари ҳисобига молиялаштирилади. Тахминларга кўра, туннель 37 йилда сарфланган пулни оқлайди.