Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Қирғизистоннинг амалдаги президенти Алмазбек Атамбоевни Санкт-Петербургдаги Стрельна қароргоҳида қабул қилди.

Россия ва Қирғизистон сўнгги йилларда нафақат хавфсизлик соҳасида, шунингдек гуманитар соҳада ҳам ҳамжиҳатликни янги поғонага кўтаришди, дея Россия президентининг учрашувдаги сўзларини келтирмоқда РИА Новости.

Ўз ҳамкасбини қутлар экан, Путин Атамбоевнинг президент сифатида илк хорижий сафари Россияга бўлгани, ушбу лавозимдаги сўнгги ташрифи ҳам Россияга бўлганига урғу берди.

Қирғизистоннинг сайланган янги президенти — Сооранбай Жээнбековга ваколатларни топшириш маросими Бишкекда 24 ноябрда бўлиб ўтади.

Путин Атамбоев ишлаган даврда икки давлат алоқаларининг сифати жузъий тарзда ўзгарганини қайд этиб ўтди.

«Биз икки томонлама ҳамкорлик соҳасида муносабатларимизни иқтисодиёт, хавфсизлик соҳаларида ҳам, шунингдек, гуманитар соҳаларда ҳам олға силжитишга муваффақ бўлди», деди Путин.

У Россия бундан кейин ҳам РФ ва Қирғизистон халқлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашига ишонтирди.

Алмазбек Атамбоев ҳам икки мамлакат муносабатларининг айни дамдаги даражаси сақланиб қолишидан умидвор эканлигини айтиб ўтди.

«Мен ушбу учрашувимиздан жуда хурсандман, Қирғизистон ва Россия ўртасида ўрнатилган муносабатлар тоабад, асрлар бўйи сақланиб қолишини истардим. Чунки бу нарсаларни вайрон қилиш, синдириш, бошқа томонга буришга уринишлар бўлганини барчамиз яхши биламиз. Ўтган олти йил бу борада мен учун ўта мураккаб йиллар бўлди», — деди Атамбоев.

«Биз Худонинг марҳамати билан тиклаган биродарлик муносабатлари бундан буёғиға фақат мустаҳкамланиши учун илтижо қиламан», — деди Қирғизистон президенти.

Икки давлат узоқ йиллардан буён интенсив сиёсий мулоқот олиб бормоқда. Путин ва Атамбоев 20 мартадан ортиқ учрашишган. Ушбу учрашув жорий йилнинг ўзидаги олтинчисидир.