Буюк Британиянинг Бакингемшир графлигида вертолёт ва енгил моторли самолёт тўқнашиб кетди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда.  

Нашр маълумотларига кўра, воқеа Лондондан 30 км узоқликдаги Хай-Уиком шаҳри яқинида юз берган. Тўқнашув оқибатида вертолётдаги 2 киши ва самолётдаги 2 киши ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Ҳозирча уларнинг жасадлари аниқланмаган. Воқеа ўрмон ҳудуди устида юз берган. 

Маълум қилинишича, вертолёт ва самолётнинг бўлакларини маҳаллий аҳоли топган. Улар гумбурлаган овозни эшитишган. Парвоз қурилмалари воқеа жойи яқинида жойлашган Wycombe Air Park аэродромига бириктирилган бўлган. Аэродром парвоз қурилмаларини бошқаришни ўргатиш бўйича хизматлар кўрсатган. 

Воқеа ҳақидаги хабар маҳаллий вақт билан соат 12:06да олинган. Воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот идоралари ва шошилинч хизматлар ходимлари йўл олишган. Полиция воқеа жойини қуршаб олган.