«Манчестер Юнайтед»нинг икки етакчи футболчиси, швециялик ҳужумчи Златан Ибраҳимович ва франциялик ярим ҳимоячи Поль Погба жароҳатдан тўла тикланган. Манкунианликлар жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо матбуот анжуманида журналистларга маълум қилишича, улар 12-тур доирасида «Ньюкасл»га қарши кечадиган учрашувда майдонга тушишга тайёр.

«Ньюкасл»га қарши ўйинга кимлар тайёр дейсизми? Булар Погба, Ибраҳимович ва Маркос Роҳо», дея мураббийнинг сўзларини келтирган клуб расмий сайти. 

«Ньюкасл»га қарши ўйин 18 ноябрь куни «Олд Траффорд» ўйингоҳида бўлиб ўтади.

Пол Погба мавсум бошида, 12 сенятбрь куни Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида «Базель»га қарши ўйинда жароҳатланиб, сафдан чиққанди.

Ибраҳимович эса ўтган мавсумда, 20 апрель куни Европа Лигасининг чорак финалида «Андерлехт»га қарши ўйинда тиззасини жароҳатлаб олиб, узоқ муддатга сафдан чиққанди. Футболчиниг шартномаси ёзда якунига етганди, аввалига жамоа у билан янги шартнома имзоламади, аммо кузда у яна жамоага қўшиб олинди.