Россиянинг Астрахань вилоятидаги Знаменск гарнизон ҳарбий суди Федерал қўриқлаш хизмати генерали Геннадий Лопирёвни ўн йилга озодликдан маҳрум қилди. Уни умумий миқдори 6,3 миллион рубль бўлган порани олиш ва патронларни ноқонуний сақлашда айбдор деб топишди.

Лопирёв судда ўз айбини тан олмади, ҳимоя суд ҳукмидан норози бўлиб шикоят аризаси беришни режалаштирмоқда. 

Суд Лопирёвнинг генераллик унвонини сақлаб қолди ҳамда уни давлат мукофотларидан маҳрум қилмади. Унга барча мол-мулки қайтариб берилади, фақат ҳисобларда хатлов қилинган 6 миллион рубль давлат фойдасига ўтказилади.

Россия Федерал қўриқлаш хизматининг Кавказдаги қўриқлаш хизматига раҳбарлик қилган Лопирёв 2016 йилнинг 25 ноябрь куни қўлга олинди ва қамоққа жойлаштирилди. Тергов тахминига кўра, у давлат шартномаларини имзолашда ёрдам кўрсатгани учун поралар олган. Турли хабарларга кўра, тинтув жараёнида Лопирёвнинг ёнидан миллиард рубль ҳам топилган.