Яқинда Самарқанд шаҳар жиноят ишлари бўйича суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ноқонуний олиб кирилган катта миқдордаги контрафакт электр ҳисоблагичлар ҳолати бўйича қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилиши якунланди.

Жиноят иши материалларига кўра, ушбу қурилмалар Хитойдан «Улуғбек» темир йўл станцияси орқали Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган “Шарқ Саноати” концерни таркибига кирувчи “Afrosiyob-Jeans” қўшма корхонаси номига юборилган, ҳужжатларда “жинси матоси” (ткань джинсовая) деб кўрсатилган товарлар ортида яширилган бўлган.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан декларацияланмаган умумий миқдори 2120 дона электр ҳисоблагич контейнерни кўздан кечириш давомида аниқланди.

Олиб борилган тергов ҳаракатларига кўра, ушбу ҳисоблагичлар контрафакт товарлар эканлиги, Ўзбекистон ва Россияда расмий рўйхатдан ўтган корхоналар товар маркаси остида ишлаб чиқарилганлиги, барча техник паспортлар ва мувофиқлик сертификатлари сохталаштирилганлиги аниқланган. Мазкур қурилмаларнинг умумий қиймати 300 миллион сўмдан кўпроқни ташкил этади.

Фото: Самарқанд вилояти   божхона бошқармаси  Ахборотхизмати

Тергов натижаларига кўра шу аниқландики, Самарқандда яшовчи, Ўзбекистон фуқаролари, 1991 йилда туғилган C.Х. ва 1988 йилда туғилган А.К. аввалдан жиноий тил бириктириб, жуда катта миқдордаги товарларни божхона назоратидан яшириб, божхона юк декларацияси ва бошқа тегишли ҳужжатларда кўрсатмаган ҳолда Ўзбекистон божхона чегараси орқали ўтказиш жиноятини содир этган.

Самарқанд шаҳар жиноят ишлари бўйича суднинг 2017 йил 3 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ, судланувчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан айбдор топилган.

Судланувчи С.Х.га нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 160 баравари миқдорида (23964000 сўм) ва судланувчи А.К.га нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 140 баравари миқдорида ( 20968500 сўм) жарима ундирилиши жазоси белгиланди. 

Суд қарорига биноан, жиноят ишининг далилий ашёси сифатида олиб қўйилган 2120 дона электр ҳисоблагичлар белгиланган тартибда йўқ қилинади.