Хитойнинг Шанхай давлат компаниялари мегаполисда юқори технологиялар ва инновацияларни ривожлантириш лойиҳаларига яқин беш йил мобайнида ҳар йили 800 млрд юань (121 млрд доллар) миқдорида сармоя киритади. Бу ҳақда "Шанхай жибао" нашри шаҳар ҳокимиятига асосланган ҳолда ёзмоқда. 

Маблағлар юқори технологиялар соҳасидаги энг истиқболли лойиҳаларга ажратилади. Бундан ташқари, муқобил энергия манбалари ва янги материаллар бўйича тадқиқот ишларига сарфланади. Шунингдек, давлат компанияларининг бошқарув тузилмаларини оптималлаштириш ва уларнинг рақобатбардошлигини ошириш бўйича чоралар белгиланган, деб ёзади ТАСС. 

Нашрнинг ёзишича, 2013 йилдан бери Шанхай давлат компаниялари турли хил тадқиқот инновациявий лойиҳалар ва ривожланиш ишларига 110 млрд юань (16 млрд доллар) сармоя киритиб келади. Шаҳар маъмурияти шу йилнинг август ойида давлат компаниялари билан 220 млрд юань (33 млрд доллар) маблағни 20 фоизга оширишга келишиб олган. Бу, ўз навбатида, мегаполисни глобал инновация марказига айлантириши керак. 

2016 йили ХХР ҳукумати Шанхайни 2020 йилгача глобал инновация марказига айлантириш лойиҳасини қўллаб-қувватлаган эди. Бу мақсадга эришиш учун шаҳар ҳокимияти турли чораларни кўрмоқда.