Америкалик таниқли опа-сингил теннисчилар Уильямсларнинг каттаси Винуснинг уйидан 400 минг долларлик пуллар ва зеб-зийнат ўғирлаб кетилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги 37 ёшли спортчининг уйи жойлашган Палм-Бич-Гарденс (Флорида штати) полициясига иқтибос келтирган ҳолда хабар берди. 

Таъкидланишича, ўғирлик Винус Нью-Йоркда теннис бўйича АҚШ очиқ чемпионатида иштирок этаётганда 1 сентябрдан 5 сентябргача оралиқда содир этилган. Теннисчи бу мусобақанинг ярим финалигача чиқа олганди. 

Теннисчининг умумий майдони 1 минг квадрат метрни ташкил қилувчи уйи нуфузли ва яхши қўриқланувчи Палм-Бич-Гарденс туманида жойлашган бўлиб, қиймати 2,3 млн долларни ташкил қилади. Полиция нималар ўғирлангани ва ушбу иш бўйича бирор одам қўлга олинган-олинмагани бўйича маълумот бермаган.

Винус Уильямс “Катта дубулға” сериясига кирувчи мусобақаларнинг 7 карра чемпиони ҳисобланади. Жумладан бу чемпионликлардан 5 таси Уимблдонда қўлга киритилган. Винус, шунингдек, жуфтликда 6 марта Уимблдон,4 марта Австралия очиқ чемпионати, икки мартадан Франция ва АҚШ очиқ чемпионатлари ғолиби бўлган.

Винус, шунингдек, синглиси Серена билан жуфтликда уч марта (2000, 2008, 2012) Олимпия ўйинларини ютган. Опа-сингиллар замонавий теннис тарихида ҳам якка ҳолда, ҳам жуфтликда дунёнинг биринчи рақамли теннисчилари бўлган ягона теннисчилар ҳисобланадилар. Серена якка ҳолда 179 ҳафта, Винус эса 11 ҳафта, жуфтликда эса 8 ҳафта дунёнинг энг яхши теннисчилари мақомини ушлаб турганлар. Умуман олганда Винус якка ҳолда Аёллар теннис уюшмаси (WTA)нинг 49 та мусобақасида зафар қучган, синглиси билан жуфтликда эса WTA турнирларининг 22 карра чемпиони ҳисобланади.