Фото: Tesla 

Tesla 17 ноябрда нафақат Semi электр юк машинасини тақдим қилди, балки янги авлоддаги Roadster модели ҳақидаги тафсилотлар билан бўлишди. Tesla раҳбари Илон Маскнинг таъкидлашича, ушбу автомобиль дунёдаги энг тезюрар автомобиль бўлади.

Tesla тақдимотда янгиланган Roadster’ни намой  иш қилди. 4 ўриндиқли, 2 эшикли машина 200 киловатт-соатлик батареялар блокини олади. Бу эса машинага бир қувватланишда 1000 км йўл босиб ўтишга имкон берди. Компанияда таъкидланишича, янги Tesla Roadster 96 км/соат тезликка 1,9 сонияда, 160 км/соат тезликка эса 4,2 сонияда эриша олади. Электрокарнинг максимал тезлиги 400 км/соатдан ошади. Маскнинг айтишича, янги авлоддаги Tesla Roadster дунёдаги энг тезюрар серияли машина бўлади. Эслатиб ўтамиз, яқинда дунёнинг энг тезюрар автомобили сифатида Koenigsegg Agera RS деб тан олинганди. Машина 457 км/соат тезликка эриша олган.

Фото: Tesla 

Roadster учта мотор билан жиҳозланади: битта олд ўққа ва иккита орқа ўққа. Машинанинг максимал айланиш лаҳзаси 10 минг Нм ни ташкил қилади. Электрокар олинувчи том билан жиҳозланади.  

Фото: Alexandria Sage / Reuters 

Ҳозирча Roadster прототип босқичида бўлиб, 2020 йилдан ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Дастлаб машинанинг махсус версияси Founder’s Series 250 минг доллардан сотилади. Кейин эса машинанинг оддий версияси 200 минг доллардан чиқарилади.

Фото: Tesla 

Оригинал Tesla Roadster 2008 йилдан 2012 йилгача ишлаб чиқарилган.