Туркия полицияси Истанбулда маҳаллий тадбиркордан 450 биткоинни ўғирлаб кетган жиноятчиларга қарши мамлакатдаги илк амалиётни ўтказди, деб хабар бермоқда Haberturk телеканали.

Хабарга кўра, беш нафар ўғри ўзини полициячи сифатида таништириб, қурбонни машинага ўтиришга мажбурлаган ҳамда тўппонча билан криптовалютадаги ҳисобга махфий сўзни сўраб таҳдид қилган. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, жиноятчилар уни машинада 8 соат давомида ушлаб туришган ва унга нисбатан жисмоний зўравонлик қўллашган. Якунда улар 450 биткоинни қўлга киритишди (тахминан 3,5 млн. доллар).

Жабрланувчи полицияга мурожаат қилди, тегишли ходимлар видеокузатув камераларидан маълумотларни ўрганиб, амалиёт ўтказишди ҳамда беш жиноятчини ушлашди. Маълум бўлишича, улардан бири қамоқдан қочгани учун қидирувда бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ биткоин яна рекордни «ургани» хабар қилинганди.