Югуриш нафақат вазн ташлашга, балки тана ва қалб уйғунлигига эришишга ёрдам беради. Кўпчилик югуришни нима учун ёмон кўриши аён. Бу машғулот жисмоний ноқулайлик, терлаш ва баъзан ёқимсиз ҳид, етарлича тезликка эга бўлмаслик натижасида ҳукм қилинишдан қўрқиш билан боғланади. Greatist шу мавзудаги мақоласи билан бўлишди.

Одамларнинг югуриш билан шуғулланишига кўпинча ширинликлар истеъмоли ортидан келган калорияларни парчалаш истаги сабаб бўлади. Инсон нафақат ўз танасини "жазолаш" учун, балки жисмоний ва руҳий жиҳатдан кучли бўлиш учун ҳам югуриши керак.

1. Югуриш сизни кучлироқ қилади

Ўзингизни камдан-кам ҳолатларда кучли деб ҳис қилсангиз, югуриш, айниқса тез югуриш, бу муаммони ҳал қилишга қодир. Шиддат билан олдинга интилаётганингизда кундалик ҳаётингизда ҳис қилмайдиган ҳиссиётларни бошдан кечирасиз. Бу ўз танангизни қадрлашга ундайди.

Тезлигингиз ошганида ёки икки километрга кўпроқ масофани босиб ўтиб, янги кўрсаткични қайд этганигизни ҳис қилиш жуда ажойиб. Шундай бўлса-да, ҳатто уч километрли секин югуриш машқлари ҳам завқ олиб келиши мумкин.

2. Югуриш фикр ва ҳиссиётларингизни "ҳазм қилиш"га ёрдам беради

Агар сиз доим банд бўлсангиз ва смартфон ёки компьютерга боғланган бўлсангиз, нима ҳақида ўйлаётганингиз ва нималарни ҳис қилаётганингизни англаб етишингизга вақт етмайди. Аксарият осон чалғийди ва янада самаралироқ бўлиш заруратини ҳис қилади. Югураётганингизда ўй-хаёлларингиз билан ёлғиз қоласиз.

Бундан ташқари, сиз ўз ҳис-туйғуларингиз билан уйғунлашувга эришасиз. Сиз қувончдан бошлаб то ғазабгача - барча-барчасини "ҳазм қилишингиз" осонлашади. Сиз бутун салбий энергиянгизни жисмоний ҳаракатга йўналтиришингиз ва шу тариқа ғазабдан халос бўлишингиз мумкин.

3. Югуриш ўзингизни тирик ҳис этиш имконини беради

Олдинга қараб ҳаракатланаётганингизда кучли завқ ва ҳаяжон қамраб олаётганини ҳис қиласиз. Югуриш билан профессионал шуғулланувчилар доимий тарзда буни ҳис қилиши қийин - ҳатто профессионаллар учун ҳам вақти-вақти билан чарчаш ва секин ҳаракатланиш нормал ҳолатдир. Бироқ ўзингизни тетик ҳис этишингиз учун ҳам югуришга чиқиш тавсия этилади. 

4. Югуриш — бу сизнинг вақтингиз

Ҳордиқ чиқаришнинг энг яхши усулларидан бири — бу севимли мусиқани ёқиб, гўзал манзаралардан баҳраманд бўлиб югуриш. Ҳатто тош ўрмонлар бўйлаб югурсангиз ҳам, ўз шаҳрингизни янада яхшироқ билиб оласиз. Бироқ асосийси — сиз ўз оламингизда бўласиз ва танангиз, ўй-хаёлларингиз, ҳис-туйғуларингиз, мусиқа ва атроф-муҳит уйғунлигини ҳис қиласиз.

5. Югуриш ўзингизни соғлом ҳис қилишингизга ёрдам беради

Фитнес-машқлар ва парҳезлар орасида югуриш асосий роллардан бирини ўйнайди. У ўзингизни имкон қадар соғлом ҳис қилишингизга ёрдам беради. Югуриш сиз шуғулланувчи ягона спорт тури бўлмаслиги мумкин, бироқ у танангизга кўрсатаётган таъсири туфайли ҳам севимли спорт турингизга айланиши мумкин.

Югуриш билан шуғулланиб, завқ оласиз ва вақтингизни зое кетказмайсиз. машғулотлар жадвалини қатъий кузатишга ҳожат йўқ, агар марафонга тайёргарлик кўраётган бўлмасангиз, албатта. Сиз вақтинчалик спортнинг бошқа тури билан шуғулланишингиз, кейин эса, истак туғилганда яна югуришга қайтишингиз мумкин. Фақат озиш учун югурилганда эса, буни ҳис қилиб, завқ олишингиз амри маҳол.