19 ноябрь - Аёллар тадбиркорлиги куни сифатида  дунёнинг 144 мамлакатида кенг нишонланади. Ташаббуснинг мақсади аёлларга иқтисодий жараёнларда иштирок этиш имконини бериш, етакчи, ихтирочи, янгиликка интилувчи ва тадбиркор аёллар  ҳамжамиятини ташкил этиш, иқтисодий ўсиш ва янги ғояларни ҳаётга татбиқ этишдир.

“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси 2016 йилдан шу ташаббусга қўшилиб, мана иккинчи йил, аёллар тадбиркорлиги имкониятлари, мамлакатда бу ҳаракатнинг жадал ривожи, уларнинг мустақил ва иқтисодий жиҳатдан эркин бўла олишлари, ўзларига янги имкониятлар очиб, муваффақиятли ва бахтли бўла олишларини намойиш этиш мақсадида тадбиркор аёллар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тадбир ўтказмоқда.

2017 йил 18 ноябрь куни Тошкент шаҳрида жойлашган WYNDHAM меҳмонхонасида «Ўзбекистон иқтисодиётида аёллар тадбиркорлигининг ўрни ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро конференция ва пойтахтдаги “Зарафшон” киноконцерт залида уюшма томонидан эълон қилинган танлов номинациялари  ғолибларини  тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Маълумот ўрнида: ушбу тадбирлар 19 ноябрь куни бутун дунёда БМТ шафелигида Аёллар тадбиркорлиги куни кенг нишонланиши муносабати билан ташкил этилмоқда.