Жанубий Америка соҳиллари яқинида Аргентина ҳарбий-денгиз кучларига (ҲДК) қарашли “Сан-Хуан” сув ости кемаси йўқолиб қолди. Таъкидланишича, экипажи 44 кишидан иборат сув ости кемаси 3 кундан бери алоқага чиқмаяпти. Шу сабабли Аргентина ҳукумати қидирув-қутқарув операциясини бошлаб юборган. 

Аргентина ҲДКнинг твиттердаги саҳифасида маълум қилинишича, сув ости кемаси 15 ноябрда Ушуайидан Мар-дель-Плату томон сузаётганда ғойиб бўлган. Айни вақтда ҲДК самолётлари ва кемалари сув ости кемаси охирги марта қайд қилинган ҳудудда қидирув ишлари олиб бормоқда.

ҲДКнинг расмий вакили Энрике Бальбининг айтишича, ҳарбийлар бундай вазиятларда кўзда тутилган режа бўйича ҳаракат қилмоқдалар. Унинг таъкидлашича, қидирув ишлари 16 ноябрда бошланган. 

Clarín нашри маълумотларига кўра, кемада ёнғин ёки бирор техник носозлик содир бўлган бўлиши мумкин. 

Бальбининг айтишича, ҳарбийларда кемада ёнғин ёки авария бўлгани ҳақида маълумот йўқ. “Эҳтимол, улар сузишни давом эттирмоқдалар, бироқ электр узатишдаги муаммо сабабли алоқа йўқ бўлиши мумкин”, деб тахмин қилган Бальби. 

“Сан-Хуан” Германияда қурилган. Аргентина ҲДК таркибига 1985 йилда киритилган. Кема узунлиги 66 метрни ташкил қилади ва соатига 46 км тезлик билан ҳаракатлана олади. Бу турдаги кема сув сиртига чиқмаган ҳолда сув остида икки кунгача қола олиши мумкин.