Турли қитъаларда жойлашган 20 давлат электр энергияси олиш учун кўмирдан фойдаланишдан воз кечишини эълон қилди. Кутилишича, келгуси йилнинг ўзида углеводородларнинг ёқилишга қарши бўлганлар сони уч мартага ошади. Бироқ энг фаол истеъмолчилар ҳозирча альянсга қўшилиш истагини билдиришганича йўқ. 

Германиянинг Бонн шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг иқлимий ўзгаришларга бағишланган конференциясида 20 та давлат Powering Past Coal альянсига қўшилган. Бу альянс электр энергияси ишлаб чиқаришда кўмирдан фойдаланишни бас қилишга чақиради. Бу ердаги режаларни 2030 йилгача тўлиқ амалга ошириш мўлжалланган, деб хабар қилади ABC News.

Лойиҳага Европанинг Дания, Италия, Финляндия, Франция, Португалия, Нидерландия, Буюк Британия, Люксембург, Австрия, Швейцария ва Бельгия каби давлатлари қўшилган. Кўмирдан воз кечишга, шунингдек, Канада, Янги Зеландия, Ниуэ, Эфиопия, Ангола, Мексика, Салвадор, Фижи ва Маршалл ороллари ҳам тайёрлигини билдирган.

Бироқ жаҳонда кўмирни энг кўп ишлатувчи давлатлар ҳамон Хитой, Ҳиндистон, Россия, АҚШ ва Германия бўлиб қолмоқда ва улар бу иттиофқни назар-писанд қилишаётгани йўқ.

БМТ 2018 йилда Польшанинг Катовиц шаҳрида бўлиб ўтадиган иқлимга оид муаммоларга бағишланган халқаро саммитда альянс қатнашчилари сони 50 тагача кўпайишидан умидвор. Юридик томондан Powering Past Coal’га аъзо бўлиш бирор нарсага масъул қилмайди, битим шунчаки давлатларнинг ниятини билдиради. Бирлашма қатнашчилари СО2 ажратиб чиқаришни қисқартириш борасидаги технологияларни ҳам ўзаро алмашишлари назарда тутилмоқда.

Powering Past Coal таркибига кирган давлатларнинг кўпчилиги кўмирдан буткул воз кечиш ниятларини эълон қилишган. Италия масалан бу режани 2025 йилгача амалга оширса, 2030 йилгача Финландия тўлиқ воз кечмоқчи. 2030 йилга келиб Нидерландия кўмирда ишловчи барча электростанцияларни ёпса, Франция бу ишни 2023 йилгача, Британия 2025 йилгача амалга оширмоқчи. Канада ҳам 2030 йилгача кўмирдан тўлиқ воз кечади. 

Углеводородларнинг энг йирик истемолчилари Хитой ва АҚШ ҳозирча кўмир қазиб олишни бироз қисқартирмоқчи. 2017 йилда ХХР бу кўрсаткични 150 млн. тоннага камайтирса, Америка келгуси йилнинг охиригача истеъмолни йилига 30 млн. тоннага қисқартиришни режалаштирган.