Касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлаш долзарб масалалардан биридир. 

Энди Андижон саноат ва транспорт коллежи - коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси эҳтиёжи учун сув-оқава тизими, иссиқлик тизими, кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш ҳамда ширкат хўжаликларида иш юритишга ихтисослашган малакали кадрлар тайёрлайди.

Коллежда ўқувчиларнинг ушбу соҳани амалиётда эгаллашлари учун ўқув-методик хоналари ҳамда моддий-техника базаси яратилди.    

17 ноябрь куни мазкур таълим даргоҳида иш берувчи корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, вилоятдаги келгусида фаолияти давом этадиган 42та касб-ҳунар коллежлари директорлари, ўқув, ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосарлари ва бош усталари иштирокида “Касб-ҳунар коллежи ва корхона ўртасидаги интеграцияни ривожлантириш – давр талаби” мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда вилоятдаги касб-ҳунар коллежларининг 2018-2021 йилларга мўлжалланган фаолиятини режалаштириш, уларда мутахассисларни касблар кесимида корхона ва ташкилотларнинг эҳтиёжлари асосида тайёрлашни амалга ошириш, бу борада тегишли ўқув-методик ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш ҳамда шу билан боғлиқ бўлган  масалаларни мувофиқлаштириш бўйича келгусида амалга ошириладиган ишлар тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди ҳамда мазкур масала юзасидан тизимдаги раҳбар ходимлар олдидаги долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Анжуманда вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Ф. Бузруков, вилоят уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи М.Тожибоев, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги кадрлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Б.Канаев ҳамда мазкур вазирликнинг ўқув-методик маркази директори О.Саидазимов иштирок этди ҳамда кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашди.

Шунингдек, семинар иштирокчилари таълим муассасасининг 3та ўқув устахонасида ташкил этилган ўқувчиларнинг амалиёт машғулотларини кузатишди.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон