Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — бизнес омбудсман 17–18 ноябрь кунлари Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларидаги тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказди, деб хабар беради KUN.UZ’га вилоят адлия бошқармаси матбуот хизмати.

Учрашувларда вилоят прокурори, адлия бошқармаси бошлиғи ва бошқа давлат бошқаруви идоралари раҳбар ва мутасади ходимлари иштирок этди.

Учрашувлар очиқ мулоқат тарзида ўтказилиб, унда иштирок этувчи тадбиркорлар ўз муаммолари ва фаолиятларини янада ривожлантириш учун зарур ёрдамлар юзасидан  Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга тўғридан тўғри мурожаат этиш имконияти яратиб берилди.

Тадбирлар давомида иштирокчиларга «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида» Қонуннинг моҳияти ҳам тушунтириб берилди.

Жумладан, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари, вакилнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, вакилнинг тадбиркорлик субъектларининг шикоятларини ва бошқа мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби юзасидан батафсил тўхталиб ўтилди.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва тадбир иштирокчилари вилоятдаги бир қанча тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш объектларида ҳам бўлди.

Тадбиркорлардаги мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш юзасидан чоралар кўрилди, айрим масалалар юзасидан тегишли давлат органлари раҳбарларига кўрсатма ва топшириқлар бериб, уларни алоҳида назоратга олди.